Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 январь куни Сингапурга давлат ташрифи доирасида ушбу мамлакатнинг етакчи компаниялари ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан учрашди.

Тадбирда Сингапур меҳнат вазири — савдо ва саноат иккинчи вазири Ленг Си Танг, Сингапур бизнес федерацияси раиси Минг Ян Лим, ушбу мамлакатнинг Indorama, Meinhardt group, CPG Corporation, Changi Airports, Сингапур менеджментни ривожлантириш институти, TMC Academy, Virtus Health каби 15 та йирик компаниялари раҳбарлари иштирок этди.

Ўтказилган Ўзбекистон-Сингапур бизнес форуми натижаларига кўра, қиймати қарийб 5 млрд долларлик янги инвестиция, савдо ва молиявий келишувлар имзоланди.

«Бу ҳамкорлигимиз анча фаоллашганидан, муваффақиятли кечаётганидан, Ўзбекистон-Сингапур муносабатлари амалий ва сифатли мазмун билан бойиганидан далолат беради», — деди президент.

ўзбекистон-сингапур

Унинг сўзларига кўра, икки мамлакат ўртасида шериклик салоҳияти ҳали тўлиқ ишга солинмаган, бироқ улар икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришга қодир.

«Сингапур компанияларининг илғор тажрибаси бизда катта қизиқиш уйғотмоқда. Ишончим комилки, сингапурлик ҳамкорларнинг инновация ва технологиялари Ўзбекистоннинг ресурслари ва кадрлар салоҳиятига қўшилса, бўлажак қўшма лойиҳалар барқарор ривожланади», — деди давлат раҳбари.

Ўзбекистон етакчиси узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун энг истиқболли йўналишлар: Сингапур компанияларининг Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнларида иштироки, шаҳар ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, кимё ва тўқимачилик, «яшил» иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа йўналишлардаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш кабиларни кўрсатиб ўтди.

ўзбекистон-сингапур

Президент Ўзбекистон Сингапур тадбиркорларини зарур ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан таъминлаш, имтиёзлар ва кафолатли харидлар шаклида кенг қўллаб-қувватлаш, бошқа кўмак чораларини тақдим этишга тайёр эканнии билдирди.

Шунингдек, у Ўзбекистондаги ислоҳотлар хорижий ҳамкорлар орасида Ўзбекистоннинг ишончли ва барқарор шерик сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилганини таъкидлаб, сингапурлик ишбилармонларни ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун очилаётган имкониятлардан фойдаланиш ва иқтисодиётга фаол инвестиция киритишга чақирди.