Париж сиёсий тадқиқотлар институти профессори, иқтисодчи Сергей Гуриев Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ)нинг Самарқандда бўлиб ўтган йиллик йиғилиши доирасида банкнинг иқтисодий ўсиш бўйича минтақавий шарҳи тақдимотида онлайн шаклда чиқиш қилди. «Газета.uz» иқтисодчи нутқининг асосий мазмунини баён қилади.

Россия Федерациясининг Украинага қарши уруши оқибатлари ҳақида

Сергей Гуриев ўз чиқишида уруш минтақанинг турли мамлакатлари учун турли оқибатлар олиб келаётганлигини таъкидлади.

«ЕТТБ Украина ЯИМининг 30 фоизга қисқаришини аниқ прогноз қилди, бироқ Россия ЯИМининг ўсишига нисбатан ҳаддан ташқари пессимистик, санкцияларнинг мамлакат ЯИМига таъсирига эса нисбатан оптимистик ёндашди. Арманистон юқори ўрта синфга мансуб малакали россияликларнинг мисли кўрилмаган миграцияси туфайли икки хонали ўсишга эришди. Айрим мамлакатлар савдо тузилмасидаги ўзгаришлардан фойда кўрдилар. Шундай экан, манзара жуда ва жуда хилма-хил».

Келгусидаги иқтисодий ўсиш тенденцияларига тўхталар экан, иқтисодчи минтақа тўқнаш келган кўплаб зарбалар сабабли бу йил прогноз қилиш учун энг яхши йил эмаслигини таъкидлади.

«Афсуски, минтақада нималар бўлишини тўлақонли тушуниш жуда қийин, чунки биз уруш қандай ривожланишини билмаймиз. Қайси санкциялар у ёки бу кўринишдаги таъсирга эга бўлади — билмаймиз. Иккиламчи санкциялар Россиянинг қўшниларини ўз хатти-ҳаракатларини ўзгартиришга мажбур қиладими ёки йўқ — билмаймиз. Шундай экан, бу ҳали мавҳум ҳудуд», — дея таъкидлади Сергей Гуриев.

Иқтисодчининг қайд этишича, Россияда ЯИМ ўсиш суръати прогнозлардан фарқли ўлароқ, мутлақо кутилмаган бўлди.

«Ҳамма -8 фоиз, -10 фоиз [ўсиш] кутганди, бироқ натижа -2 фоизни ташкил этди, бу анча яхши. Омиллардан бири шуки, ҳақиқий санкциялар декабрь ойига келибгина жорий этилди. 2022 йил давомида Россия нефтнинг юқори нархларидан фойда кўрди ҳамда Европага нефть ва газ экспортини давом эттирди. Европада Россия нефтига нисбатан санкциялар 2022 йилнинг декабрь ойидан, Россия нефть маҳсулотларига нисбатан эса 2023 йилнинг февраль ойига келибгина кучга кирди», — деди у.

«Россия суверен жамғармалари ва Марказий банкига қарши санкциялар тарихдаги энг йирик санкциялар бўлди ва шу сабабли Россия ҳам унга қадар санкцияларга дучор бўлган бошқа давлатлар сингари таназзулга юз тутади, деган тахминлар вужудга келди. Бироқ, фарқ шунда эдики, Россия регуляторлари техник масалаларда Эрон каби давлатлар сиёсатчилари ёки Туркияда пул-кредит сиёсатини олиб бораётганларга қараганда анча малакали», — дея қайд этди эксперт.

Сергей Гуриев, шунингдек, ЯИМ ўсиши мамлакатларда турмуш даражасини баҳолаш учун ҳар доим ҳам муносиб восита бўла олмаслигини таъкидлади.

«Уруш вақтида ЯИМ динамикаси чалғитувчи бўлиши мумкинлигини ёдда тутишимиз лозим. Танклар учун артиллерия снарядларини ишлаб чиқараётган бўлсангиз, бу ҳам ЯИМнинг ўсишига олиб келади. 1 миллиардлик қурол — бу ЯИМга қўшимча 1 миллиард демак. Бироқ, ҳарбий техника ишлаб чиқаришни ошириш ҳаёт сифатини яхшилаяпсиз дегани эмас. Ва агар [Россиядаги] ҳаёт сифатига назар ташласангиз, натижалар жуда ҳалокатли. Россияда уй хўжаликларининг истеъмол даражаси, чакана савдо ва таққосланадиган нархларда савдога назар ташласангиз, ҳақиқатан ҳам 2022 йилда 8−10 фоизга қисқарганлигини кўрасиз. Шунинг учун тўғри ўлчовлардан фойдаланиш ҳам муҳим», — дея таъкидлади у.

Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш ҳақида

ЕТТБнинг янги прогнозларига мувофиқ, Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиёти 2023 йилда ўртача 5,2 фоизга ўсади ва келгуси йилда ҳам ўсишда давом этади. Бошқа минтақалар билан таққослаганда, сўнгги йилларда Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш энг барқарор бўлди.

еттб, сергей гуриев

Манба: ЕТТБ.

«Ҳозир ЕТТБ Марказий Осиё ва Кавказда иқтисодий ўсишга нисбатан бир йил олдингига қараганда анча оптимистик ёндашмоқда. Бу қисман, 2022 йилда ушбу иқтисодиётларнинг барқарорлигига гувоҳ бўлганимиз, шунингдек, Россия ўзининг энг йирик савдо ҳамкори бўлган Европа билан тўғридан-тўғри савдодан учинчи давлатлар, жумладан, Марказий Осиё, Кавказ ва Туркия орқали савдо қилишга ўтгани сабабли улар савдо тузилмаларидаги ўзгаришлардан фойда кўрганлиги билан боғлиқ», — таъкидлади иқтисодчи.

Унинг қайд этишича, бу тенденция Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари иқтисодий ўсишига катта ҳисса қўшди.

«Энди Европа санкцияларни четлаб ўтишда Россияга ёрдам бераётган йўлларни ёпишга уринмоқда. Ва бу ўзгаришлардан фойда кўрган мамлакатлардаги иқтисодий ўсиш учун асосий таҳдиддир. Европа бунга етарлича жиддий ёндашади. Ўтган йили санкциялар бўйича махсус вакил тайинланган эди. 11-санкциялар пакети ушбу йўлларнинг бир қисмини нишонга олади. Европа аллақачон эълон қилган иккиламчи санкциялар мавжуд ва улар санкцияларни четлаб ўтишда Россияга ёрдам бераётган компанияларни жазолайди. Шундай экан, бу Россиянинг қўшнилари, хусусан, Туркия, Кавказ ва Марказий Осиёнинг иқтисодий ўсиши учун жуда ва жуда жиддий таҳдиддир», — дейди Сергей Гуриев.

Шунингдек, у савдо-сотиқ масофага кучли боғлиқлиги ва шу сабабли мамлакатлар биринчи навбатда ўз қўшнилари билан савдо қилишларини эслатиб ўтди.

Минтақадаги инфляция даражаси ҳақида

Иқтисодчининг фикрича, Кавказ ва Марказий Осиёдаги инфляция даражасига аввал кузатилмаган қўшимча омиллар таъсир кўрсатган. Улардан бири — Россиядан миграция.

«Путин режимидан қочаётган малака ва маблағга эга бўлган россияликлар бу мамлакатларда кўчмас мулк сотиб олмоқда, товар ва хизматлар сотиб олмоқда. Бу иқтисодий ўсиш учун яхши, бироқ нархларга ҳам босимни кучайтиради. Ва бу кутилмаган омил. Ҳеч ким бунчалик катта оқим бўлади, деб ўйламаганди», — дейди Сергей Гуриев.

Инфляция даражасига таъсир кўрсатган омиллар хусусида гапирар экан, у уруш ягона сабаб эмаслигини қайд этди.

«Инфляция урушдан анча олдин, АҚШдаги меъёридан ортиқ молиявий рағбатлантириш, COVID-19 ва Хитойнинг COVID-19 га нисбатан муросасизлик сиёсати туфайли таъминот занжирларининг узилиши каби глобал талаб омиллари, шунингдек, Туркия каби мамлакатларда пул-кредит сиёсатидаги хатолар натижасида бошланган эди. Назаримда, ЕТТБ минтақаларидаги марказий банклар 1990 йилга нисбатан анча малакали. Марказий банклар пул-кредит сиёсатини қандай олиб боришни биладилар, фақат ҳокимиятдагилар уларга мустақиллик беришдан бош тортади», — дея таъкидлади эксперт.

еттб, сергей гуриев

ЕТТБ томонидан 2022 йил охири ва 2023 йил бошида 14 мамлакатда уй хўжаликлари орасида ўтказилган сўровларга кўра, Марказий Осиёдаги уй хўжаликларининг қарийб ярми ўз иқтисодий аҳволини сақлаб қолиш учун зўрға кун кечирмоқда ёки жамғармаларини сарфламоқда.

«Яшил» иқтисодиётга ўтиш ҳақида

Ўзбекистоннинг 2030 йилга бориб қайта тикланадиган энергия манбалари улушини 25 фоизга етказиш режалари юзасидан фикр билдирар экан, Сергей Гуриев «яшил» иқтисодиётга ўтишни ўсишга эришишнинг энг яхши йўлларидан бири деб атади.

«Ҳозирда бутун дунё бўйлаб „яшил“ иқтисодиётга ўтиш жадаллашиб бормоқда. Уруш ҳам шуни кўрсатдики, демократик бўлмаган мамлакатлардан экспорт қилинадиган қазилма ёқилғига таяниш — хатарли. Шу нуқтаи назардан ҳам „яшил“ иқтисодиётга ўтиш яхши имконият яратади ва бунга барча мамлакатларда зарурат туғилади. Биз Париж келишувлари мақсадларига эришишда аллақачон ортда қолмоқдамиз, шунинг учун глобал миқёсда „яшил“ иқтисодиётга ўтишга ҳисса қўшиши мумкин бўлган ҳар бир киши буни амалга ошириши ва ундан фойда кўриши лозим», — дея таъкидлади эксперт.

Санкцияларнинг Россияга таъсири ҳақида

Сергей Гуриев ўз чиқиши давомида санкцияларнинг Россия иқтисодиётига таъсири юзасидан ҳам фикр билдирди.

«Россия нефтига қарши санкциялар урушнинг учинчи кунида жорий қилинган эди, бироқ ўтган йил бўйи Россияга нефть долларлари оқими давом этди. Бу йил Россия нефть сотувидан даромад олишда катта муаммоларни бошдан кечирмоқда, Европага газ сотиш эса амалда тўхтади. Бу Россия бюджетига кучли таъсир кўрсатди ва энди ҳукумат қатъий тежамкорлик режимини жорий қилиш зарурати олдида турибди. Ва бу нафақат Россия ҳукумати учун ҳам, балки Россия иқтисодиёти учун ҳам осон бўлмайди. 2023 йилнинг биринчи чорагида Россиянинг нефть ва газ сотишдан тушган даромадлари 2022 йилнинг мос давридаги даромадларининг қарийб ярмини ташкил этди. Бу жуда катта фарқ. Шу сабабдан Россия қарзларини молиялаштириш учун нимадир қилишига тўғри келади», — дея таъкидлади у.

Сергей Гуриев ХВЖнинг Россия иқтисодиёти ўсишига оид прогнозларини оптимистик деб баҳолади.

«ХВЖ оптимизми Россия банклари катта ликвидлик захирасига эга, деган фикрга асосланади. Бироқ, бу номаълум. Биз маълум бўлган номаълумларни номаълум бўлган номаълумлардан фарқлай олишимиз лозим. Ва бу маълум бўлган номаълум. Россия банклари маълумотларни эълон қилмаяпти. Шундай экан, улар қай даражада барқарор эканлиги ва жиддий молиявий муаммони бартараф этишда Россия ҳукуматига қарз беришлари мумкин ёки йўқлиги ҳақида тахмин қилишингизга тўғри келади. Биз эса буни билмаймиз», — дейди у.

АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо уруши ҳақида

«Украина, Россия ва қўшни минтақалардаги вазиятга нисбатан оптимистик ёндашиш мен учун жуда қийин. Бироқ, агар Хитой ва АҚШ ўртасида геосиёсий муаммолар бошланса, вазият янада ёмонлашиши мумкин. Оптимистик сценарий — бу мамлакатлар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган ўзаро тушуниш бўлиб, бу мамлакатлар қайси соҳада ҳамкорлик қилаётгани ва қайси соҳада рақобатлашаётганини аниқ белгилаб беради», — дея қайд этди Сергей Гуриев.

«Биз „френдшоринг“, парчаланиш ҳақида гап кетганда, асосий хавотир, агар АҚШ ёки Хитойдан бири бирор нарса қилаётган бўлса, бошқаси нима қилишини билмаслигимиздан келиб чиқади. Оптимистик сценарий қайсидир даражада тинчлик ўрнатилиши ёки ҳеч бўлмаганда янги Совуқ уруш қандай ўтиши тўғрисида қисман аниқлик бўлиши мумкин. Чунки бизнинг минтақаларимиз: Ғарбий Европа, Марказий Европа, Шарқий Европа, SEMED (Жанубий ва Шарқий Ўртаер денгизи), Марказий Осиё ва Кавказ бу совуқ урушга жалб қилинган. АҚШ ва Хитой айрим масалаларда келишмаслик ва бошқа масалаларда ҳамкорлик қилиш юзасидан келишувга эришса, дунё геосиёсий жиҳатдан ҳам, иқтисодий жиҳатдан ҳам янада равшан ва хавфсизроқ бўлади», — дейди у.

Халқаро савдодаги парчаланишга тўхталар экан, иқтисодчи бу парчаланиш стратегик товар ва хизматларнинг тор мажмуи билан чекланишига умид билдирди. «Оптимистик сценарийда протекционистик кучлар стратегик товарлар таърифини стратегик маҳсулот ҳисобланмайдиган соҳаларда ўз бозорларини ҳимоя қилиш йўлида суиистеъмол қилишмайди».

«Охир-оқибат, АҚШ ва Хитой, масалан, „яшил“ иқтисодиётга ўтишда ҳамкорлик қилишларига тўғри келади. Ва умид қиламанки, бу ҳаммага ёрдам беради. Бироқ, „яшил“ ўтиш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари ҳатто АҚШ ва Ғарбий Европа ўртасида ҳам унчалик осон эмас», — дея эътироф этди Сергей Гуриев.