«Ўзбекистон темир йўллари» қошидаги «Ўзтемирйўлйўловчи» компанияси россиялик блогер Илья Варламовнинг Ўзбекистондаги «люкс» поездлар ҳақидаги танқидига муносабат билдирди.

иля варламов, поезд, ўзбекистон темир йўллари, ўзтемирйўловчи

иля варламов, поезд, ўзбекистон темир йўллари, ўзтемирйўловчи

Варламов ўз лойиҳасининг навбатдаги сонини Ўзбекистон қишлоқларига бағишлаб, унда ҳожатхонаси ва души мавжуд ҳашаматли поездга чипта сотиб олганини ҳам айтиб ўтган.

Хусусан, қават-қават скотч ёпиштирилган деразага, жуда кўп ювилганидан ранги кулранглашган оқ чойшабларга, усти газета билан қопланган кир столга, сочлар ва сариқ доғлар билан қопланган ҳожатхонага ҳамда ишламайдиган душга эътибор қаратган.

Унинг сўзларига кўра, бундай вагонга чипта нархи 100 доллардан ошади.

«Шахсан мен бу ерда, бундай поездга чипта сотишдан уяламан, чунки одамлар, айниқса, чет эллик бўлса, шу поездда юриб, Ўзбекистон ва ўзбеклар ҳақида виждонсиз, деган фикрга келишади. Аслида ундай эмас. Ўзбеклар ажойиб, озода ва тартибли одамлар. Лекин поезд бошлиғи ёки вагон назоратчиси ўзбекларни „подстава“ қиляпти. Улар уялиши керак. Умид қиламанки, уларга танбеҳ берилади», — деган у.

иля варламов, поезд, ўзбекистон темир йўллари, ўзтемирйўловчи

«Ўзтемирйўлйўловчи» Илья Варламов видеони 18 февраль куни Бухоро-Тошкент йўналишидаги «Шарқ» поездида тасвирга олгани, мазкур ҳолат юзасидан тезкор йиғилиш ўтказилганини билдирди.

«Кўрсатилган камчиликлар юзасидан ушбу санада хизмат вазифасини олиб борган вагон кузатувчилари ва поезд бошлиғига қатъий интизомий жазо қўлланилган. «Ҳозирги кунда барча йўналишлар ҳаракати давомида йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатилишини текшириш мақсадида ишчи гуруҳ қўшимча фаолиятини бошлаган», — дейилади хабарда.

Шунингдек, компания видеода айтилган чипта нархи 100 доллар эканини рад этиб, блогер чиптани «Россия темир йўллари» сайтидан электрон шаклда олгани, унинг нархи 4213,9 рублни ташкил этишини маълум қилди.

«Мазкур вагон люкс тоифасида бўлиб, 4 та купедан иборат ва фақат 8 та йўловчи учун хизмат кўрсатади. Ушбу йўналиш чипта нархи 385 980 сўм ҳисобланади», — дейилади «Ўзтемирйўлйўловчи» хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Илья Варламов 2020 йилда Самарқанд шаҳар инфратузилмасидаги камчиликларни танқид қилганидан сўнг шаҳар ҳокимияти уларнинг айримларини бартараф этган эди. Урбанист, амалдорлар бу қадар тез жавоб беришини билганида, масалага жиддийроқ ёндашган бўлишини ёзганди у.