Хитой раҳбари Си Цзиньпин 19 май куни Сиан шаҳрида бўлиб ўтган саммитда Марказий Осиё билан савдо, инфратузилма қурилиши, энергетика ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кучайтиришга ваъда берди.

Икки кун давом этган «Хитой — Марказий Осиё» саммитида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари иштирок этди. Бу олти давлат раҳбарларининг 31 йил аввал улар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан бери биринчи юзма-юз учрашуви бўлди.

«Дунёга барқарор, гуллаб-яшнаган, баркамол ва яхши боғланган Марказий Осиё керак», — деди Хитой раҳбари.

Унинг қайд этишича, Хитой-Марказий Осиё ҳамжамиятини яратишда олти давлат ушбу тўрт тамойилга амал қилиши керак: ўзаро ёрдам, биргаликда ривожланиш, умумий хавфсизлик ва «абадий» дўстлик.

«Биз ҳамкорликнинг иқтисодиёт, савдо, саноат қувватлари, энергетика ва транспорт каби анъанавий йўналишларида ўз салоҳиятимизни тўлиқ очишимиз лозим. Молия, қишлоқ хўжалиги, камбағалликни қисқартириш, „яшил“ ва кам углеродли тараққиёт, тиббий хизмат, соғлиқни сақлаш ва рақамли инновацияларда ўсишнинг янги драйверларини яратишимиз керак», — деди Си Цзиньпин.

«Биз […] ташқаридан минтақа давлатларининг ички ишларига аралашиш ёки рангли инқилобларни қўзғатишга уринишларга қатъий қарши туришимиз муҳим. Биз терроризм, сепаратизм ва экстремизм кучларига мутлақо тоқат қилмаслигимиз зарур», — дея қўшимча қилди у.

Си Цзиньпиннинг сўзларига кўра, саммит «янги истиқболларни очди» ва Хитой бу имкониятдан «барча томонлар билан мувофиқлаштиришни кучайтириш» учун фойдаланади. У Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг саккизта йўналишини таклиф қилди.

1. Ташкиллаштирилган салоҳиятни кучайтириш. Хитой саноатни ривожлантириш ва сармоя, қишлоқ хўжалиги, транспорт, фавқулодда вазиятларни бошқариш, таълим ва сиёсий партиялар билан боғлиқ масалаларда учрашувлар ҳамда мулоқотлар механизмларини яратишни таклиф қилмоқда.

2. Савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш. Хитой савдони енгиллаштириш бўйича кейинги чора-тадбирларни амалга оширади, икки томонлама сармоявий келишувларни янгилайди ҳамда Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги барча чегара ўтиш пунктларида яшил йўлакларни очади, шунингдек, хом ашё товарлари савдоси маркази қуради.

3. Минтақавий алоқаларни кенгайтириш. Хитой Марказий Осиё давлатлари билан трансчегаравий юк ташиш ҳажмини оширади, Транскаспий халқаро транспорт йўлаги қурилишини қўллаб-қувватлайди, Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги мавжуд ўтказиш пунктларини модернизация қилишни тезлаштиради, авиаташувлар бозорини ривожлантириш ҳамда Марказий Осиё мамлакатларида хориждаги омборлар қуришга кўмаклашади.

4. Энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш. Хитой энергетикани ривожлантириш соҳасида Хитой-Марказий Осиё ҳамкорлигини йўлга қўйишни, Хитой-Марказий Осиё газ қувурининг D линияси қурилишини тезлаштиришни, нефть ва газ савдосини оширишни, бутун саноат занжири бўйлаб энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришни ва саноат соҳасида ҳамкорликни фаоллаштириш ҳамда янги энергия ва атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишни таклиф қилмоқда.

5. Яшил инновацияларни рағбатлантириш. Хитой Марказий Осиё давлатлари билан шўрхок ва ишқорли ерларни ўзлаштириш ва яхшилаш, сувни тежайдиган суғориш, Орол денгизи инқирозини бартараф этиш, Марказий Осиёда юқори технологияли корхоналар ва IT-парклар ташкил этишда ҳамкорлик қилади.

6. Ривожланиш салоҳиятини кучайтириш. Хитой фан ва технология орқали камбағалликка қарши кураш соҳасида Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик режаларини ишлаб чиқади. Марказий Осиёдаги Хитой компаниялари маҳаллий аҳоли учун кўпроқ иш ўринлари яратишга рағбатлантирилади. Хитой, шунингдек, минтақа мамлакатларига 3,5 млрд доллардан ортиқ молиявий ёрдам ва грантлар ажратади.

7. Цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш. Хитой Марказий Осиё давлатларини «Маданий ипак йўли» дастурида иштирок этишга таклиф қилади, кўпроқ анъанавий тиббиёт марказларини қуради, минтақадаги талабалар учун давлат стипендиялари ажратади ва махсус туристик поездларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда.

8. Минтақада тинчликни сақлаш. Хитой Марказий Осиё мамлакатларига ҳуқуқ-тартибот ва киберхавфсизлик салоҳиятини мустаҳкамлаш, Афғонистонда тинчлик ва қайта қуриш ишларига кўмаклашишга тайёр