18−19 май кунлари ХХР шимоли-ғарбидаги Сиан шаҳрида «Хитой-Марказий Осиё» саммити бўлиб ўтади, дея хабар бермоқда «Синьхуа» ахборот агентлиги.

Саммитда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Токаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов иштирок этади. Форумга ХХР раҳбари Си Сзинпин раислик қилади.

Бу олти давлат раҳбарларининг 31 йил аввал улар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён илк юзма-юз учрашувидир.

Саммит давомида давлат раҳбарлари «Хитой-Марказий Осиё» механизмини яратиш, турли соҳалардаги ҳамкорликни муҳокама қилишлари ва муҳим сиёсий ҳужжатларни имзолашлари кутилмоқда.

Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари ҳам 16−20 май кунлари параллель равишда Хитойга давлат ташрифлари билан боради.