Тошкентда 18 май куни «Камбағалликни қисқартириш бўйича илғор тажрибаларни ҳаётга татбиқ этиш» мавзуидаги II халқаро форум бўлиб ўтди. «Газета.uz» мухбирининг хабар қилишича, форум очилишида нутқ сўзлаган бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш борасида олиб борилаётган ишлар ва эришилган натижаларга тўхталиб ўтди.

Ҳукумат расмийсининг сўзларига кўра, мамлакатда охирги йилларда камбағаллик даражаси муттасил равишда камайиб бормоқда.

«Камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизгача камайди. Хўш, қайси омиллар ҳисобига камайди? Биринчиси, албатта, иқтисодий ўсиш. Жон бошига иқтисодий ўсиш 2017 йилдан бошлаб барқарор давом этаётгани. Иккинчиси, жуда ҳам муҳим йўналиш — фаол ижтимоий сиёсат. Бугунги кунга келиб 2 млндан ортиқ одам ижтимоий нафақа оляпти. Бу камбағалликка қарши курашнинг энг яхши ва самарали йўналишларидан биридир. Албатта, бир томондан бюджетдан триллион-триллион маблағларни харажат қиляпмиз. Иккинчи томондан бу маблағлар камбағалликни камайтириш омили [ҳисобланади]», — деди Жамшид Қўчқоров.

жамшид қўчқоров, камбағаллик форуми, камбағалликни қисқартириш, камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги

Фото: Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги/

Унинг қайд этишича, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш билангина камбағалликни қисқартириб бўлмайди.

«Ижтимоий нафақаларни бериш орқали камбағаллик камайган бўлса, бу биринчи марта аёллар ўртасидаги камбағалликни қисқартиришга қаратилди. Яъни, боласи борлигига қараб оналарга ижтимоий нафақа бериляпти. Яна бир масалани айтмоқчиманки, ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан камбағалликни қисқартиришга эриша олмаймиз. Камбағалликни қисқартириш ҳукуматдаги ҳамма вазирликларни асосий масаласига айланса, ана шунда биз камбағалликни қисқартиришда барқарор натижаларга эришишга муваффақ бўламиз», — деди у.

Маълумот учун, мазкур форум Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан ҳамкорликда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда БМТ Болалар жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида ташкил этилди. Унда иқтисодчи олимлар, БМТ, БМТТД, Жаҳон банки, Халқаро меҳнат ташкилоти, UNICEF, Осиё тараққиёт банки, FTA, GIZ каби халқаро ташкилотларнинг жами 200 дан зиёд экспертлари қатнашди.