Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшовчи 21 ёшли С.Н. ҳуқуқ-тартибот идораларига унинг картасидан пул ноқонуний ечиб олингани ҳақида ариза билан мурожаат қилди, деб хабар берди Ўзбекистон ИИВ Киберхавфсизлик маркази.

Қайд этилишича, фуқарога ўзини Сlick тўлов тизими ходими сифатида таништирган шахс номаълум рақамдан қўнғироқ қилган, шундан сўнг картасидан 1,2 миллион сўмни ечиб олган.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушбу жиноятга алоқадор шахслар Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида яшовчи 31 ёшли В.М., 54 ёшли Ю.М. ва 25 ёшли Р.К экани аниқланди.

Улар одамларга қўнғироқ қилиб, ўзларини Сlick тўлов тизимининг хавфсизлик ходимлари сифатида таништириб келган. Банк пластик картасига киберҳужум амалга оширилаётганини, фуқароларни алдаган ҳолда SMS махфий кодларни қўлга киритган. Ушбу махфий кодлар ёрдамида фуқароларнинг электрон пулларини, бошқа банк карталари ва криптохамёнларга ўтказган.

Ҳар учала шахс ҳам Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми ва бошқа моддалари билан жавобгарликка тортилди.