Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Uzbekistan Airports акциядорлик жамиятига Ўзбекистоннинг халқаро аэропортларида аэропорт ускуналарини модернизация қилиш учун 28 миллион еврогача узоқ муддатли молиялаштиришни тақдим этади, дея хабар бермоқда компания матбуот хизмати.

17 май куни ЕТТБнинг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган йиллик форумида компания бошқаруви раиси Раъно Жўраева ва Евроосиё бўйича инфратузилма департаменти директори Екатерина Мирошник илгари эришилган келишувларни мустаҳкамлаб, мандат хатларини алишди.

«Банк маблағлари ҳисобидан йўловчи ташувчи автобуслар, юк ташувчи техникалар, лентали юк узатувчилар, самолёт буксирлари, самолётларни сув билан тўлдириш ва ҳожатхона бўлимларига хизмат кўрсатиш учун махсус автомашиналар, амбулатор автолифтлар, тозаловчи, муздан тозалаш машиналари ва бошқалар харид қилинади», — деди Раъно Жўраева.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ЕТТБнинг молиялаштириши эвазига 76 дона янги аэропорт махсус техникаси харид қилинади.

Бундан ташқари, ЕТТБ ва компания ўртасида 1 миллион евродан ортиқ грант маблағларини ажратиш бўйича келишувларга эришилди. Бунинг бир қисми сифатида банк асосий бизнес-жараёнларни оптималлаштириш ва шу орқали Uzbekistan Airports ва унинг таркибий бўлинмалари фаолияти самарадорлигини оширишга ёрдам берадиган халқаро консалтинг компаниясини жалб қилишни кўзда тутади.

Таъкидланишича, бу Ўзбекистонда молиялаштириш мамлакат ҳукумати томонидан давлат кафолатисиз амалга ошириладиган давлат компанияси билан ҳамкорликнинг биринчи намунаси бўлади.