Ўзбекистон ва Халқаро молия корпорацияси (ХМК) ҳамкорликда ҳудудларда кўп тармоқли клиникалар ташкил этиш лойиҳасини амалга оширмоқда. Бу ҳақда ташкилотга асосланиб Spot хабар қилди.

Тегишли келишув 17 май куни соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовнинг АҚШга ташрифи чоғида имзоланган. Унинг доирасида Самарқанд, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида давлат-хусусий шериклик негизида учта шифохона қуриш режалаштирилган.

Аввал амал қилган диспансер тизими турли касалликларни ихтисослаштирилган клиникаларда даволашга қаратилган эди. Бу мураккаб ташхис қўйилган беморлар учун юқори харажатлар ва қийинчиликларга олиб келди, деб таъкидлайди ХМК.

Янги ташаббуснинг татбиқ қилиниши самарадорликни ошириш ва харажатларни оптималлаштириш учун бир жойда бир неча йўналишда хизматлар кўрсатиш имконини беради. Замонавий шифохоналарда даволаш диққат (фокус)ни беморларга қаратилган ҳолда амалга оширилади.

«Хусусий шерик билан ҳамкорлик қилиб, биз шифохоналарга илғор тажрибаларни олиб киришимиз мумкин бўлади. Бу иш жараёнларини такомиллаштириш, беморларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш ва юқори сифатли тиббий инфратузилмани яратишни таъминлайди», — деди Иноятов.

ХМКнинг давлат-хусусий шериклик ва корпоратив молия бўйича директори Линда Муненгетерва лойиҳадан дори воситаларидан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш имкониятларини қайд этди. Шу билан бирга, давлат харажатлари самарадорлиги ошади, деб ҳисоблайди у.

Корпорация кўмагида Ўзбекистонда диализ марказларини ташкил этиш лойиҳаси ҳам амалга оширилмоқда. Тегишли тендерда Ҳиндистоннинг Nephroplus компанияси 2020 йилда ғолиб чиққан ва Тошкент, Нукус ҳамда Хоразмнинг иккита туманидаги дастлабки тўртта шифохона 2022 йилда очилган.

Бундан ташқари, ХМК соғлиқни сақлаш соҳасидаги бир қатор бошқа давлат-хусусий шериклик ташаббусларида иштирок этади. Фарғона шаҳрида янги кўп тармоқли шифохона қурилиши шулар жумласидандир.