Кимёвий муҳандис Камол Шоҳ — сурункали буйрак етишмовчилиги касаллигига чалинган бемор. У 25 йилдан бери гемодиализ муолажасини олиб келади. Камол Шоҳ соғлиқни сақлаш соҳасида стратегик режалаштириш масалалари бўйича маслаҳатчи Викрам Вуппала билан ҳамкорликда Ҳиндистондаги энг йирик диализ марказлари тармоғи NephroPlus компаниясига асос солган.

2020 йил декабрь ойида компания Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг диализ хизматларини кўрсатиш учун хусусий шерик танлаш бўйича халқаро тендерида ғолиб бўлди. Лойиҳа Халқаро молия корпорацияси билан биргаликда ишлаб чиқилган ва Осиё тараққиёт банкидан (ОТБ) молиявий кўмак олган.

Давлат-хусусий шериклик (ДХШ) келишувига кўра тўртта диализ клиникасини қуриш, жиҳозлаш ва бошқариш, шунингдек, тиббиёт ходимларини ўқитиш кўзда тутилган. Учта марказ — Нукус, Урганч ва Хоразм вилоятининг Боғот туманида — аллақачон аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни бошлаган. Тўртинчиси Тошкент шаҳар И. Эргашев номидаги 4-клиник шифохонаси ҳудудида ишга туширилишга тайёрланмоқда. 160 ўринга мўлжалланган марказ дунёдаги энг йирик диализ марказларидан бирига айланади. Бино газ ва электр тармоқларига уланганидан кейин марказ ишга тушади.

ОТБ маълумотларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда сурункали буйрак етишмовчилиги касаллигидан 30 минг бемор азият чекмоқда. Айни пайтда, мамлакатда 3500 дан ортиқ диализ аппаратлари етишмайди. Тўртта NephroPlus маркази 250 дан ортиқ ускуналар билан жиҳозланган.

«Газета.uz» буйрак етишмовчилиги билан оғриган беморлар ҳамжамиятидан диализ марказлари фаолияти юзасидан уларни қизиқтирган саволларни сўради ва улардан келиб тушган саволлар билан NephroPlus компаниясининг Ўзбекистондаги филиали директори Сукеш Чандра Гейнга мурожаат қилди.

— NephroPlus компанияси Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида келишув имзолади. Давлат қандай мажбуриятларни ўз зиммасига олган, компания-чи?

— ДХШ лойиҳаси доирасида Ўзбекистон ҳукумати 10 йил муддатга ижара асосида бизга ер ажратиш ва қурилиш учун барча зарур рухсатномаларни тақдим этиш, тўртта марказнинг ҳар бирини кафолатланган миқдордаги беморлар билан таъминлаш мажбуриятини олди. Ҳукумат, шунингдек, ҳар бир кафолатланган бемор учун ойлик тўловларни амалга ошириш мажбуриятига эга.

Ижара муддати тугагандан сўнг ҳамкорликни давом эттириш учун иккита вариант мавжуд: келишувни яна 10 йилга узайтириш ёки қурилган клиникаларни Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфига ўтказиш.

nephroplus, гемодиализ, диализ маркази, перитонеал диализ

Сукеш Чандра Гейн. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

NephroPlus компаниясининг асосий мажбуриятлари — марказларни қуриш, уларни диализ муолажасини ўтказиш учун зарур жиҳозлар ва бошқа мамлакатлардан импорт қилишимиз ёки маҳаллий бозордан сотиб олишимиз мумкин бўлган дори воситалари билан таъминлашдан иборат. Шунингдек, биз тиббиёт ходимларини ишга ёллаймиз ва уларнинг малакасини ошириш имконини берувчи ўқув машғулотларини ўтказамиз. Марказларимиз хизматлари сифати халқаро стандартларга жавоб бериши лозим.

Ҳар ойда ҳукуматга тегишли мажбуриятларимиз бажарилиши юзасидан ҳисобот тақдим этамиз.

— Ўзбекистон билан ҳамкорликка қизиқиш билдирганингизнинг асосий сабаби нимада?

— Бизнинг миссиямиз — паст ва ўрта даромадли ҳамда буйрак алмаштириш терапияси етарли даражада ривожланмаган мамлакатларда гемодиализ сифати ва ҳамёнбоплигини оширишдан иборат. Хизматлар сифатини, жумладан, муолажа нархини пасайтириш орқали яхшилаш мумкин.

Ўзбекистонда талаб ва таклиф ўртасидаги тафовут катта. Сифатли диализ терапиясига муҳтож одамлар кўпчиликни ташкил этади. Биз мамлакатда гемодиализни замонавий жаҳон андозалари даражасига кўтариш, муолажани кам оғриқли ҳолга келтириш ва сурункали буйрак етишмовчилиги билан оғриган кўп сонли беморлар учун ҳамёнбоп нархларда муолажа олиш имконини яратиш истагидамиз.

Бозорга кириб келишимиздан аввал Ўзбекистон бир марталик гемодиализ муолажаси учун, барча дори-дармонларни ҳисобга олганда, қарийб 80 доллардан сарфлаган. Бизнинг таклифимиз — 50 доллар. Йилига 160 мингга яқин муолажалар ўтказамиз. Ушбу лойиҳа доирасида давлат йилига қарийб 5 миллион доллар тежаш имконига эга бўлади.

— Ҳозир Ўзбекистонда диализ терапияси халқаро стандартларга қай даражада мос келади?

— Диализ хизматларининг халқаро сифат стандартларига мурожаат қиладиган бўлсак, энг юқори даражадаги хизмат кўрсатиш АҚШ ва Буюк Британия каби ривожланган мамлакатларда. Шарқий Европада, Филиппинда — ўрта даражада.

Ривожланаётган мамлакатларда диализ сифати бир қанча омиллар сабаб халқаро стандартларга жавоб бермайди. Бу, биринчи навбатда, муолажалар ва инфратузилманинг стандартлаштирилган протоколига тааллуқли: гемодиализ аппаратлари, юқори сифатли материаллар ва малакали кадрлар етишмовчилиги мавжуд.

Энг муҳим кўрсаткич — бу диализ муолажаларининг частотаси. Уларни мунтазам равишда қабул қилиш беморлар учун жуда муҳим, сабаби, моҳиятан, бу буйракни алмаштириш демак. Энг илғор халқаро тажрибага мувофиқ, бемор йилига 144 та муолажа қабул қилиши зарур. Бу ҳафтасига деярли уч марта гемодиализ сеанси дегани.

Ўзбекистон нефрология клиникаларида битта бемор ҳафтасига икки марта муолажа қабул қилади. Бизнинг олдимизда мазкур кўрсаткични яхшилаш вазифаси турибди. Яна бири тиббиёт ходимларининг малакаси билан боғлиқ бўлиб, биз уни ошириш билан шуғулланмоқдамиз. Ўйлайманки, шу икки кўрсаткични яхшилашга эришсак, беморларнинг ҳаёт сифатини оширишимиз мумкин бўлади.

Жаҳон стандартига кўра, битта диализ аппаратига 5−6 нафар бемор тўғри келади. Ундан кунига уч марта фойдаланиш мумкин, сабаби битта гемодиализ сеанси тўрт соат давом этади ва, шунга мос равишда, ҳар бир бемор учун ҳафтада уч марта.

Битта аппаратга тўғри келадиган беморлар сони биттадан бешгача бўлса, янада яхшироқ. Бу шуни англатадики, беморлар кечаси ёки эрта тонгда муолажага келишларига ҳожат қолмайди.

nephroplus, гемодиализ, диализ маркази, перитонеал диализ

Айни пайтда бизнинг ихтиёримизда давлат томонидан кафолатланган 1100 нафар беморни даволаш учун 250 та диализ аппарати мавжуд. Ушбу тоифадаги фуқаролар учун гемодиализ — бепул.

Марказларнинг қуввати беморлар сонини 1500−1600 нафаргача етказиш имконини бермоқда. Зарурат туғилган тақдирда беморларнинг умумий сонини оширишга тайёр туриш мақсадида қўшимча ускуналар сотиб олдик. Келишувга кўра, Ўзбекистон кафолатланган беморлар сонини 25 фоизга (гемодиализ муолажасига эҳтиёжи бўлган 250−260 нафар бемор) ошириши мумкин.

— Тошкентдаги Нефромарказ ихтиёрига 160 та диализ аппарати берилади. Улар қанча муддатда янгилаб турилади?

— Ҳар бир «сунъий буйрак» аппарати 30 минг соатга мўлжалланган. Фойдаланиш муддати тугагач, уларни алмаштирамиз. Қолаверса, ҳар уч ойда аппаратларнинг созлигини тегишли текширувдан ўтказиб турамиз.

Диализ аппаратининг асосий таркибий қисми — бу насос бўлиб, унинг босими ёрдамида қон тозалаш фильтридан ўтказилади. Кафолат муддати тугагач, бизда иккита йўл бор. Биринчиси, насос ва тизим платасини (motherboard) алмаштиришни назарда тутади. Бу аппаратнинг хизмат муддатини узоғи уч-тўрт йилга узайтириш имконини бериб, жуда катта инвестиция талаб этади. Иккинчи йўли — фойдаланиб бўлинган аппаратни ҳисобдан чиқариш ва янгисини сотиб олиш.

— Нефромарказлар хизматидан фойдаланиш имконияти фақат Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этган рўйхатдаги беморлар учунми ёки бошқа фуқаролар ҳам фойдаланиши мумкинми?

— Марказларимизга исталган киши мурожаат қилиши мумкин, бироқ бепул хизматлар фақатгина бизга лойиҳа доирасида йўналтирилган беморларга тақдим этилади. Фуқароларга бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда, пуллик хизмат кўрсатиш имконига эгамиз.

— Пойтахтда гемодиализ бўлимларига эга бўлган Республика ихтисослаштирилган нефрология маркази фаолият юритмоқда. Беморлар қайта тақсимланиши мумкин, деб тахмин қилиш ўринлими? Шундай бўлган тақдирда, бу қандай тартибда амалга оширилади?

— Республика нефрология марказидаги беморларнинг бир қисми бизга ўтказилади. Беморларни вилоят ёки шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаларидан келиб тушган хатлар асосида қабул қиламиз. Бу NephroPlus`га гемодиализ сеанслари учун йўлланма вазифасини ўтайди. Уни олиш учун бемор ўз поликлиникасидаги умумий амалиёт шифокорига мурожаат қилиши лозим, улар буйрак касаллиги билан оғриган беморларни нефрологларга қайта йўналтиришади. Нефрологлар беморларнинг ҳолатини баҳолаб, махсус даволаш йўлларини кўриб чиқадилар.

Беморлар гемодиализ бўлимларига Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан юритилувчи беморларнинг ягона реестри асосида навбат бўйича юборилади. Реестр вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказлари ҳамда Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси маркази комиссиясининг йўлланмалари асосида тузилади.

— Ўзбекистонда электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар кўп кузатилади. Диализ марказлари потенциал узилишларга қай даражада тайёр?

— Урганч, Нукус ва Боғот шаҳарларида фаолият кўрсатаётган нефрологик марказлар давлат томонидан электр тармоғига уланди. Тармоқда узилиш юзага келган тақдирда, бизда дизел генераторлари мавжуд. Биз уларни ўз маблағларимиз ҳисобидан сотиб олганмиз ва фойдаланамиз. Генераторларнинг қуввати ҳар бир клиниканинг кун давомида ишлаб туришини таъминлаш учун етарли.

nephroplus, гемодиализ, диализ маркази, перитонеал диализ

Тошкент 2022 йил январь ойида юзага келган блэкаут вақтида.

160 ўринга мўлжалланган Тошкент шаҳар нефромаркази биноси газ ва электр тармоқларига ҳали уланмади. Шу сабабдан, лойиҳани ишга тушириш кечикмоқда. Бизда электр таъминотини қўллаб-қувватлаш учун йирик дизел генератори ва UPS мавжуд, бироқ бу электр энергиясининг асосий манбаи бўла олмайди.

Бинонинг электр таъминоти билан боғлиқ кечикиш сабаб «сунъий буйрак» аппаратларини тармоққа улаш ва соз ҳолатга келтириш, қандай ишлашини текширишнинг имкони йўқ. Айни шу сабабдан тиббиёт ходимлари ишга кириша олмаяпти. Марказга 80 дан ортиқ ҳамшира ёллаганмиз ва тўрт ойдан бери уларга маош тўлаб келяпмиз. Шу билан бирга, бино тайёр. Нефрология маркази тегишли тармоқларга уланганидан 15 кун ўтиб, уни очишга тайёр бўламиз.

— NephroPlus диализ марказлари Нукус, Урганч ва Хоразм вилоятининг Боғот туманида аллақачон фаолият бошлаган, Тошкент шаҳрида эса очилишга ҳозирлик кўрилмоқда. Айнан шу жойларни танлашга нима асос бўлди?

— Ушбу ҳудудларни Соғлиқни сақлаш вазирлиги танлаган. Бунда бир неча омилларга таянилган бўлиши мумкин. Биринчидан, бу мавжудлик. Нукусда 34 та диализ аппаратига эга яхши марказнинг мавжудлиги қўшни шаҳарлар ва ҳатто Қозоғистон аҳолисига ҳам хизмат кўрсатиш имконини берди. Илгари бу ерда атиги 8−10 та диализатор мавжуд бўлган. Нукус, Урганч ва Боғот туманлари инфратузилмани ривожлантиришга Тошкент шаҳрига нисбатан кўпроқ эҳтиёж сезмоқда. Ҳозирда учта фаол марказ 340 нафар доимий беморга хизмат кўрсатмоқда.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида беморлар сони 1500−1600 нафарга яқин. Ҳозирги кунда шаҳарда фаолият юритаётган диализ бўлимлари 500−600 нафар беморни халқаро стандартлар бўйича диализ билан таъминлаши мумкин. Пойтахтда катта клиникага эга бўлиш истагини шу билан изоҳлаш мумкин. Марказ очилгандан сўнг диализ хизматларидан фойдаланиш имконияти кенгаяди ва беморларда муолажани қаерда олиш бўйича танлов имконияти пайдо бўлади: республика марказида ёки бизда.

— Марказларда қандай мутахассислар фаолият юритади?

— Айни пайтда бизда тўққиз нафар нефролог — Нукус, Урганч ва Боғот туманларида етти нафар, Тошкент шаҳрида икки нафар нефролог фаолият юритмоқда. Артериовеноз оқма (гемодиализда қон томирларига киришнинг бир тури, вена ва артерия ўртасида жарроҳлик йўли билан яратилган алоқа — таҳр.) яратиш билан шуғулланувчи жарроҳлар мавжуд.

Келажакда Тошкент марказига диетологларни жалб қиламиз, сабаби диета буйрак етишмовчилиги билан оғриган беморлар учун жуда аҳамиятли. Бундан ташқари, мунтазам равишда ҳиндистонлик шифокорларни консультация хизматларини тақдим этиш учун таклиф қилиб туришни режалаштиряпмиз.

— Буйрак етишмовчилиги билан оғриган беморлар кўп сонли таҳлиллар топширишларига тўғри келади: умумий қон таҳлили, биокимё, гепатит B ва C ва бошқалар. Уларнинг нархи анча юқори. Беморлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги орқали марказларда бепул ёки арзонлаштирилган нархда таҳлиллардан ўтиш имкониятига эгами?

— Ташхис қўйиш, нитратлар, калий, калций, гепатит учун таҳлиллар — мунтазам равишда амалга оширилиши зарур бўлган барча нарсалар, шунингдек, диализ муолажаларининг ўзи ҳам ДХШ лойиҳаси доирасида бепул тақдим этилади.

nephroplus, гемодиализ, диализ маркази, перитонеал диализ

Тошкент клиникаси негизида йирик лаборатория ташкил этиб, жиҳозлаяпмиз. Урганч, Нукус ва Боғотдаги марказларда даволанаётган беморларимизнинг намуналари шу ерга олиб келинади. Пойтахт маркази очилгунига қадар мамлакат ғарбидаги клиникалар ҳамкор лабораториялар билан иш олиб боради. Уларнинг хизматлари бизнинг беморларимиз учун бепул, сабаби улар учун биз ўзимиз тўлаймиз.

— Айрим беморлар зарур дори-дармонларни Соғлиқни сақлаш вазирлиги рўйхати бўйича доимий яшаш жойидаги поликлиникалардан бепул олади. Марказлар пайдо бўлиши билан бунга эҳтиёж сақланиб қоладими?

— Ҳукумат бизга беморларни дори-дармон билан таъминлаш вазифасини юкламаган. Ҳозирда улар давлат томонидан ажратилган дори-дармонларни доимий яшаш жойидаги поликлиникалардан олишади. Агар давлат беморларни дори-дармонлар билан таъминлашимиз мумкинлиги тўғрисида қарор қабул қилса, буни ҳам қилишимиз мумкин.

nephroplus, гемодиализ, диализ маркази, перитонеал диализ

— NephroPlus марказларида болалар гемодиализи мавжудми?

— Айни пайтда болалар гемодиализи мавжуд эмас. Ҳозирда маҳаллий ва ҳиндистонлик шифокорлари билан ушбу амалиётни жорий этиш юзасидан тегишли музокаралар олиб борилмоқда.

Бизга мутахассислар зарур. Ўзбекистонда улар кам сонли. Ҳозирча икки нафар мутахассис топдик. Уларни Ҳиндистонга ўқишга юборишни режалаштиряпмиз. Муолажаларни сифатли амалга оширишимиз мумкинлигига ишонч ҳосил қилганимиздан кейингина болалар учун гемодиализ хизматини йўлга қўямиз. Таваккал қила олмаймиз, сабаби беморларимиз орасида бир ёшгача бўлган болалар ҳам бўлиши мумкин.

— Компаниянгиз марказлари Ўзбекистонда биринчи марта перитонеал диализни амалиётга жорий қилди. Бу қандай муолажа? У гемодиализдан нимаси билан фарқ қилади? Ушбу хизмат бепул тақдим этиладими?

— Ҳар иккала муолажанинг мақсади — қонни моддалар алмашинуви жараёнида организмда ҳосил бўлган заҳарли моддалар ва ортиқча суюқликдан тозалаш.

Гемодиализ махсус «сунъий буйрак» аппаратига боғлаб қўйилган. Муолажа давомида қон организмдан ташқарида тозаланади. Бунда қон босим ёрдамида диализатор деб аталувчи фильтрдан ўтказилиб, организмга қайтарилади. Муолажа тахминан тўрт-беш соат давом этади ва нефрология ёки диализ марказларида тиббиёт ходимларининг назорати остида амалга оширилади.

Перитонеал диализда қон қорин бўшлиғидаги қорин пардаси ёрдамида тозаланади, у ўз фильтри — перитонеал мембрана билан қопланган. Бу ичак ва жигарни қоплаб турувчи юпқа қатламдан иборат.

Қорин бўшлиғига жарроҳлик йўли билан ўрнатилган катетер орқали диализ суюқлиги қуйилади. Заҳарли моддалар перитонеал мембранадан ўтиб, диализ суюқлигига тушади — тананинг ичида «буйрак» ҳосил бўлади. Катетер қорин бўшлиғидан суюқликни олиб ташлашни таъминлайди.

Перитонеал диализнинг асосий афзаллиги шундаки, бемор буни мустақил, уйда амалга ошириши, шу билан бир пайтда кундалик машғулотлари билан шуғулланиши мумкин. Биз барча керакли материалларни бепул тақдим этамиз ва муолажани қандай бажаришни ўргатамиз. Шунингдек, марказларда перитонеал координаторлар мавжуд бўлиб, уларнинг вазифаси беморларга йўл-йўриқ кўрсатишдан иборат.

Гемодиализ сингари перитонеал диализ ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан йўналтирилган беморларга бепул тақдим этилади.