Режиссёр Сарвар Каримов «Ҳоким бува» мини-сериалини тақдим этди. 2020 йилда суратга олиниши бошланган ва етти қисмдан иборат мини-сериалнинг ёпиқ премьераси 15 май куни бўлиб ўтган эди. 16 май куни режиссёр YouTube’даги саҳифасига унинг 1-қисмини жойлаштирди. Салкам 25 дақиқалик фильм бир кунда қарийб 190 минг марта томоша қилинди.

Сериал бош қаҳрамони — Шукур ака (Шукурулло Исроилов) ижарага олган автомобилда киракашлик қилади. У доимо ижтимоий-сиёсий муаммолардан нолиб яшайди, шу мавзудаги гаплари билан машинасига чиққан йўловчиларнинг «миясини қоқиб, қўлига беради». У ҳар сафар «шаҳар раҳбарларининг ўрнида бўлса, йиғилиб қолган муаммоларни тезда ҳал қила олиши»ни айтади, «ҳаммаёқ таниш-билиш, монополия» бўлиб кетганидан ёзғиради. Тақдир тақозоси билан, бир куни Шукур ака шаҳар ҳокими курсисида уйқудан уйғонади. Шундан сўнг нолиган барча муаммоларини ҳал қилиш масъулияти ўзининг бўйнига тушади.

Сериалда Шукурулло Исроилов, Нигора Каримбоева, Фарҳод Абдуллаев, Шафоат Раҳматуллаева, Умид Шодмонов, Муқаддас Ҳолиқова, Муҳаммадисо Абдулҳайиров, Бобур Пирматов, Анвар Салимов, Маҳлиё Асқаралиева каби актёрлар роль ўйнаган.

Сериалнинг дастлабки қисмларини томоша қилганларнинг аксарияти ижобий фикр билдирган. Хусусан, блогер Дилшод Ҳошимов «енгил-елпи сериаллар фонида катта ўзгаришлар олиб кирилгани»ни таъкидлаган. Блогер Нурбек Алимов эса «ақлни ёқиб, кулиб томоша қилинадиган ҳазилларга бой ажойиб сериал» эканини кўрсатиб ўтган.

Twitter фойдаланувчиларидан бири «ўзбек киносининг ўлмаганининг исботи» дея таърифлаган бўлса, Элдар Асанов: «Яхши сериал бўлибди. Охиригача чиқсин, охиригача кўриб, бафуржа фикр билдирамиз», — деб ёзган. Ҳозирча аксарият эътирозлар мини-сериалнинг жуда қисқалиги ва барча қисмлари бирдан эълон қилинмагани билан боғлиқ.

Сериалнинг ҳозирча фақат 1-қисми YouTube’да эълон қилинган бўлиб, қолган қисмлари 16 майдан бошлаб Voxe.tv платформасида ҳар куни бирма-бир эълон қилиб борилмоқда. Сериалнинг 1-қисмини қуйида томоша қилиш мумкин: