17 май куни Самарқанд шаҳрида Европа Иттифоқи, Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида Ўзбекистоннинг 2030 йилга келиб яшил иқтисодиётга ўтиш стратегиясини қўллаб-қувватлаш ва молиялаштиришга қаратилган битим имзоланди. Бу ҳақда ЕИнинг мамлакатдаги делегацияси матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Қўшма тадбирлар Ўзбекистон ҳукуматига мамлакат аҳолисининг умумий манфаати учун атроф-муҳит ва табиий ресурсларни асраб-авайлаган ҳолда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларга кўмаклашиш мақсадида ўтказилади.

Европанинг «Глобал шлюз» стратегияси ва ЕИнинг яшил сиёсати устувор йўналишларига мувофиқ, келишувнинг мақсади юқори экологик стандартларга риоя қилиш учун шароит яратиш, ҳукуматнинг турли соҳаларда яшил иқтисодиёт сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда имкониятларини ошириш ва аҳолини барқарор иш билан таъминлашдан иборат.

Team Europe ташаббуси доирасида Европа Иттифоқи Ўзбекистонга 10,2 миллион евро миқдорида грант ёрдамини тақдим этади. Бундан ташқари, яшил иқтисодиёт соҳасидаги давлат сиёсати масалаларида ФТА томонидан жами 375 миллион евро миқдорида имтиёзли кредит ажратилади. Ҳисоботда қайд этилишича, ундан 150 миллион евро бериб бўлинган.

Ҳужжатларни имзолаш маросимида Европа комиссияси халқаро шериклик бўйича бош директоратининг бош директори ўринбосари Мириам Ферран, Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳом Норқулов ва Франция тараққиёт агентлиги бош директори Реми Риу иштирок этди.