15 май куни президент Администрацияси раҳбари ўринбосари, президент матбуот котиби Шерзод Асадов журналистика бўйича йиллик «Олтин қалам» миллий мукофоти доирасида Ўзбекистонда сўз эркинлиги даражаси ҳақида фикр билдирди.

Унинг фикрича, мамлакатда сўз эркинлиги бор ёки йўқлигини баҳолаш нотўғри, бироқ «Чегара билмас мухбирлар» ташкилотининг дунёда умумэътироф этиладиган стандарт ҳисобланган матбуот эркинлиги рейтинги мавжуд.

Охирги марта рейтингда Ўзбекистон аввалги йилга нисбатан 4 поғонани йўқотиб, рейтингда 137-ўринни эгаллади. Ташкилотга кўра, Ўзбекистонда ОАВ эркинлиги билан боғлиқ вазият «мураккаб» бўлиб қолмоқда, ОАВ тўғрисидаги «репрессив» қонунлар амалда ҳамда «кузатув, цензура ва ўз-ўзини цензура қилиш» ҳукмрон.

Шерзод Асадов Rost24.uz нашрига берган интервьюсида шундай деди: «2016 йил декабрь ойида ҳурматли президентимиз иқтидорга келганларидан кейин унгача бўлган сўз эркинлиги нуқтаи назаридан ислоҳотлар, сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотларнинг самарасини адекват баҳолай олишимиз керак. Бу — энг асосийси. Менинг назаримда, агар сиз объектив журналист бўлсангиз, сиз ҳам буни тан оласиз. Жуда ҳам кўп иш қилинди. Албатта, дейлик, ривожланишнинг, прогреснинг ҳеч қандай чегараси йўқ. Қиладиган ишимиз жуда ҳам кўп. Тўхтатишимиз асло мумкин эмас.

комил алламжонов, оав эркинлиги, сўз эркинлиги, шерзод асадов

Унинг қўшимча қилишича, журналистлар сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият яхшиландими ёки ёмонлашдими, деган саволга яхшироқ жавоб беришади, лекин давлат сўз эркинлигини мустаҳкамлаш борасидаги фаолиятини давом эттирмоқда ва кучайтирмоқда. «Аслида ўзингиз баҳо беринг», — деди Шерзод Асадов журналистга мурожаат қилиб.

Президент Администрацияси раҳбарининг ахборот сиёсати бўйича ўринбосари Комил Алламжонов мамлакатдаги сўз эркинлиги даражасини 10 баллдан 5,5 баллга баҳолади.

«Нимага, десангиз, ҳали қилинадиган ишлар кўп. Ўзгаришларга келсак, 2016 йилда сўз эркинлиги берилиб, очиқлик эълон қилинди. Журналистлар, блоггерлар эркин фаолият юритишни бошлади. Энди секин-секин журналистика маданияти шаклланишни бошлаяпти, журналистика ахлоқ-одоби, этикаси деган нарсалар пайдо бўляпти. Бу жараён ҳозир бошланяпти», — деди у.

Март ойи бошида журналистлар ва ижтимоий тармоқлар фаоллари Ўзбекистон президентига «яширин, аммо қаттиқ цензура» ҳақида баёнот билан мурожаат қилиб, ҳалигача жиддий тўсиқлар, босим ва қўрқитишларга дуч келинаётганини таъкидлаган эдилар.