Россия Давлат думаси мамлакат фуқаролигига эга мигрантларни Украинадаги урушга ёллаш имконини берувчи лойиҳани тайёрламоқда. Бу ҳақда депутат Михаил Матвеевнинг сўзларига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Қайд этилишича, лойиҳада Россия фуқаролигини олган муҳожирлар, шу жумладан, Марказий Осиё ва Кавказортидан келганларни урушга юборишга рухсат бериш, шунингдек, улардан қурилиш батальонида фойдаланиш назарда тутилган.

«Гап Россия армиясининг мавжуд бўлинмалари ўртасида тақсимлаш учун сафарбарлик ва чақирув имкониятлари ҳақида бормоқда. „Маҳаллийчилик“ қилиб, ҳарбий интизомни бузмасликлари учун уларнинг сони ҳар бир взводда 2−3 тадан ошмаслиги керак… Шунингдек, улардан қурилиш батальонида, жумладан, олд қаторларда фойдаланиш назарда тутилган», — деб ёзган депутат ўзининг Telegram каналида.

Депутат қонун лойиҳасининг тайёрланишини икки фуқароликка эга бўлганлар муддатли ҳарбий хизматга чақирилмаслиги билан изоҳлаган. Ҳозирда улар фақат шартнома асосида Россия Қуролли кучларига кўнгилли сифатида қўшилиши мумкин.

Депутат, шунингдек, ҳокимият ва махсус хизматларнинг миграция ва демографик муаммога ёндашувини тубдан ўзгартирмасдан туриб, муаммони ҳал қилиб бўлмаслигини таъкидлади.

Аввалроқ Буюк Британия Мудофаа вазирлиги Россия ҳукуматининг Украинага қарши жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун Марказий Осиёдан келган муҳожирларни ёллашга уринаётганини хабар қилганди. Ҳарбий хизматга рози бўлганлар рус қўшинларининг йўқотиш даражаси юқори бўлган фронтга юборилиши мумкин, дейилган шарҳда.

2022 йил сентябрь ойида Россияда мамлакат армиясида хизмат қилиш учун шартнома имзолаган хорижликларга Россия фуқаролигини тезкорлик билан олиш имкониятини берувчи тузатишлар қабул қилинган. Декабрь ойида Москва жамоат транспортида ўзбек, қирғиз ва тожик тилларида Россия фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олиш эвазига Россия Қуролли кучлари сафига қўшилиш ҳақидаги эълонлар тарқатилгани хабар қилинган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси эса хориждаги ватандошларни қуролли кучлар сафига қўшилмаслик ва жанговар ҳаракатларда қатнашмасликка чақирди ҳамда бунинг учун жиноий жавобгарликдан огоҳлантирган.