Шавкат Мирзиёев 11 май куни ўтказган йиғилишда «Қуёшли хонадон» дастури қамровини ошириш ва янада кенг жорий қилиш бўйича янги вазифаларни белгилаб берди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Ўзбекистонда 2023 йил 1 апрелдан аҳоли томонидан ишлаб чиқарилган электр энергиясининг 1 киловатти учун 1 минг сўмдан тўланиши белгиланган. Улар «Қуёшли хонадон» тизимига уланиб, тегишли тўловларни олишлари мумкин.

Тизим бўйича берилган янги вазифалар қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан савдо ва сервис корхоналарига қуёш панеллари учун кредит тўловларининг 4 фоизи қоплаб берилади.
  • Халқаро молия ташкилотларидан 100 миллион доллар жалб қилиниб, сўмда, мақбул шартларда аҳоли ва кичик тадбиркорлар учун «яшил» кредит маҳсулотлари яратилади. Аҳолига ажратилган кредит фоизларининг бир қисмини компенсация қилиш учун 100 миллиард сўм ажратилади.
  • Иқтисодиёт ва молия вазирлиги аҳоли ва тадбиркорларга берилган «яшил» кредитлар фоизларининг бир қисмини қоплаш тизимини жорий қилади.

Шунингдек, «яшил энергия» сертификатлари тизими жорий этилади. 1 июлдан бошлаб гидроэлектр станцияларига «яшил» сертификат берилади. Ушбу тизим 1 октябрдан бошлаб барча қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобидан ишлаб чиқарилган электр энергияси учун жорий қилинади.

Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда қуёш панелларини ўрнатишда камчиликларга йўл қўйган 9 та туман ва шаҳар ҳокимларига ҳайфсан берилиши белгиланганди. 2 ойда ўзгариш қилмаса, улар ишдан олинади.