10 май куни Қорақалпоғистон судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан судланувчилар Аманбай Сагидуллаев (1967 йилда туғилган, «Алға Қарақалпақстан» партияси етакчиси, Норвегияда яшайди) ва Ниетбай Уразбаев (1969 йилда туғилган, Қозоғистондаги қорақалпоқ диаспораси вакили, Қозоғистонда яшайди)га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Судланувчилар Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида бўлгани ва уларни судга келтириш имкони йўқлиги боис ушбу жиноят иши бўйича суд муҳокамаси Сагидуллаев ва Уразбаевнинг иштирокисиз ўтказилди. Иш Қорақалпоғистон судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси С. Давлетмуратов раислигида биринчи инстанция судида кўриб чиқилди.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра:

Аманбай Сагидуллаев Жиноят кодексининг

  • 158-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш) 3-қисми;
  • 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 1-қисми, 4-қисми;
  • 244-моддаси (Оммавий тартибсизликлар) 3-қисми;
  • 244−1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми «а», «г» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

Унга нисбатан Жиноят кодексининг 59-моддаси (Бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) 3-қисми тартибида 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазонинг дастлабки 2 йилини турмада, қолган қисмини умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди.

Ниетбай Уразбаев Жиноят кодексининг

  • 159-моддаси 4-қисми;
  • 244-моддаси 3-қисми;
  • 244−1-моддаси 3-қисми «а», «г» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

Унга нисбатан Жиноят кодексининг 59-моддаси 3-қисми тартибида 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди.

Шунингдек, судланувчиларнинг айбидан Жиноят кодексининг 28,104-моддаси 3-қисми «а» банди (Ушбу харакатлар Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисми билан қамраб олингани сабабли) чиқарилди.

Бундан ташқари, суд ҳукми билан интернет тармоғидаги А. Сагидуллаевга тегишли саҳифалар, каналлар блокланиши белгиланди.

Мазкур ҳукмдан норози тарафлар Қорақалпоғистон суди орқали Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясига процессуал қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда шикоятлар беришга, прокурор эса протест билдиришга ҳақли экани маълум қилинади, — дейилади хабарда.