Қорақалпоғистон судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати Жиноят кодексининг 28, 104, 158, 159, 244 ва 244−1-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган Аманбай Сагидуллаев (Норвегияда яшайди) ва Ниетбай Уразбаевга (Қозоғистонда) нисбатан жиноят ишини кўриб чиқишга киришди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди. Суд жараёни очиқ тарзда бўлиб ўтмоқда.

Маълумот учун:

28-модда: Жиноят иштирокчиларининг турлари (ташкилотчи, далолатчи ва ёрдамчилар ҳам жиноят иштирокчилари деб топилади.);

104-модда: Баданга қасддан оғир шикаст етказиш;

158-модда: Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш;

159-модда: Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз;

244-модда: Оммавий тартибсизликлар;

244−1-модда: Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш.

Аманбай Сагидуллаев (1967 йилда туғилган) «Алға Қарақалпақстан» партияси етакчиси, Норвегияда яшайди. ИИВ хабарига кўра, унга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддалари (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205 (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 209 (Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган мансаб сохтакорлиги) бўйича қидирув эълон қилинган.

Ниетбай Уразбаев (1967 йилда туғилган) Қозоғистоннинг Манғистау вилояти «Аллаяр жолы» қорақалпоқ этник-маданий бирлашмаси раиси. Ўтган йилнинг октябрь ойида Медиазона нашри унинг Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилгани учун давлатлараро қидирувга берилгани ҳақида хабар берган эди.

«Жиноят-процессуал кодексининг 410-моддаси (Cуд муҳокамасида судланувчининг иштироки)га асосланиб, судланувчилар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлгани ва уларни судга келтириш имкони йўқлиги сабабли ушбу жиноят иши бўйича суд муҳокамаси А.Сагидуллаев ва Н.Уразбаевнинг иштирокисиз ўтказилмоқда. Суд жараёни якуни бўйича батафсил ахборот берилади», — дейилади Олий суд хабарида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ суд 2022 йил 1−2 июль кунлари Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар бўйича жиноят иши бўйича икки алоҳида суд мажлиси якунларига кўра 22 нафар ва 39 нафар судланувчига ҳукм чиқарган эди.