5 май куни Қашқадарё вилояти Қарши туманида 2 автомобиль тўқнашиши оқибатида 2 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Соат тахминан 13:30 да туманнинг «Хонобод» МФЙ ҳудудида Б.М. Nexia-3 автомобилини Шаҳрисабз-Қарши йўналиши бўйича бошқариб келаётган бўлган. Шу вақтда қарама-қарши томондан ҳаракатланиб келаётган, ҳайдовчи Ж.А. бошқарувидаги Nexia-2 билан тўқнашиб, ЙТҲ содир этган.

Оқибатда Nexia-2 автомашинасида йўловчи сифатида кетаётган 2 фуқаро жароҳат олиб, ҳодиса жойида вафот этган, бир нафари жароҳат олиб, шифохонага тушган. Nexia-3 ҳайдовчиси ҳам тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.

Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш оқибатида одам ўлимига сабаб бўлиш) банди билан жиноят иши қўзғатилган.