Франция президенти Эммануэль Макрон 2023 йилда Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келади. Бу ҳақда «Газета.uz»га Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Вазирликнинг аниқлик киритишича, ташриф ҳали тасдиқланмаган.

«Франция томони аввалроқ ўз ниятларини билдирган. Шу муносабат билан, айни дамда фақат Франция президенти Эммануэль Макроннинг Ўзбекистонга ташриф буюриши мумкинлиги муҳокама қилинмоқда. Ташрифни эълон қилиш учун расмий тасдиқ талаб қилинади. Айни пайтда бундай тасдиқ йўқ. Агар маълумот тасдиқланса, Ўзбекистон ҳукумати ташрифни амалий мазмун билан тўлдириш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширади», — дея таъкидлади ИСС вазирлиги.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев икки марта — 2018 ва 2022 йилларда Францияга бориб Эммануэль Макрон билан учрашганди. иккичи ташрифида Шавкат Мирзиёев Эммануэль Макронни ўзи учун қулай вақтда Ўзбекистонга боришга таклиф қилганди.