21 ноябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Парижга етиб келди. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати хабар берди.

«Париж-Орли» аэропортида икки мамлакат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон етакчисини Франция маданият вазири Рима Абдул-Малак ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.


Ташрифнинг асосий тадбирлари эртага, 22 ноябрь куни бўлиб ўтади.

Шавкат Мирзиёев Франция парламентининг қуйи палатаси — миллий йиғин раиси Яэль Браун-Пиве билан учрашади. Шунингдек, мамлакат президенти Эммануэль Макрон билан музокара ўтказади. Ташриф доирасида таълим, фан, маданий мерос, фуқаро авиацияси, давлат хизмати ва коррупцияга қарши кураш соҳаларида ҳамкорликка оид 14 та ҳужжат имзоланиши режалаштирилган.

Давлат раҳбарлари Лувр музейи ва Араб дунёси институтига биргаликда ташриф буюриб, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлар музейларининг энг ноёб экспонатларидан иборат йирик кўргазмалар билан танишади.