Экоблогер «O‘rikguli» дарахтларга озор бермасликка чорловчи фикрлардан сўнг пойтахтдаги ўсимликларни суғориш тизимидаги ҳолатларга ҳам эътибор қаратди. У ўзининг тармоқлардаги саҳифасида шаҳардаги дарахтларни «пала-партиш» суғораётган фаввораларни расм ва видеога олиб, «Фавворани ўчиринг! Мени увол қилманг» номи остида жойлаштирди.

«Ўзбекистонда қурғоқчилик бошланганига анча бўлган. Бу шаҳарда сезилмайди, телевидениеда кўрсатилмайди, эътибор берилмайди. Лекин пойтахтдан ташқари Ўзбекистоннинг деярли барча вилоятларида сув етишмайди. 2030 йилга бориб муаммо ўта жиддийлашиши кутилмоқда. Биз бирлашиб сувни тежашимиз керак бўлган пайтда пойтахт кўчаларидаги суғориш фавворалари палапартиш ишлатилиб сув исроф қилинмоқда ва дарахтлар илдизи чиримоқда!», — дея ёзиб қолдирган у.

«Газета.uz» пойтахт Ободонлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Махсус суғориш ускуналарини таъмирлаш ва сақлаш ихтисослаштирилган бошқармаси билан боғланди. Ташкилот шаҳарнинг хамма кўкаламзор майдонларини вегетация даврида: 15 апрелдан 15 октябргача ёмгирлатиб сепиш усулида суғоради.

Тошкент шаҳрида 1 млн 138,2 минг м² кўкаламзор майдон мавжуд. Унинг 302,6 гектар қисмида газон, 30 минг 327 дона дарахт ва 7624 дона бута, 1593 минг дона мавсумий гуллар бор. Объектларни суғориш учун 110 та ер ости қудуғи бор. 65 та насосли станция мавжуд. Насосли станциялар шаҳардаги 22 та каналдан сув олади. Ер ости балансидан олинадиган сувлар эса, артизан сувларидир.

Бошқарма бошлиғи Абдухалил Юлдашовнинг сўзларига кўра, ҳозирча 3−4 та сув манбасида, масалан, Яланғоч, Оққўрғон каналларида сув етишмай, муаммо бўлиб турибди. Каналда сув оқими камайган. Техникаларга эса қишда кузатилган аномал совуқ об-ҳаво таъсир қилди. Қувурларнинг кўп қисми совуқда ёрилиб кетди. Ҳозир носозлик бор жойларнинг 90−95 фоиз қисмини тўғрилаб бўлдик. 10−15 кунлик иш қолди, деди у.

Яшил ҳудудларни суғориш қандай кечаётгани ҳақида

Таъкидланишича, ходимлар кунига белгиланган бир картадаги кўкаламзор ерни 10−15 дақиқа суғориши керак. Қияли жойларни эса 25−30 минут суғориш керак бўлади. Ҳудуд суғориб бўлингач, сув автоматик тарзда тўхтатилмайди. У инсон қўли билан ёқиб, ўчирилади. Суғориш ишлари учун 188 нафар мавсумий ишчилар тўпланади. Бироқ, бунинг учун етарлича ишчи кучи йиғиш қийин кечади. Ҳудудларда кутилаётган муаммолар ҳам айнан ходимлар масаласи билан боғлиқ бўлиши мумкин.

«6 ой суғориш мавсумида ишчиларни ўргатиб олгунимизча бизнинг сезон тугаб қолади. Ҳар йили янги ишчилар келади. То уларни иш жойига ўргатиб олгунимизча, мавсум тугаб, улар ишдан бўшаб кетишади. Кейин ҳар йили шу муаммо қайтарилаверади. Ҳодимларни топишнинг ўзи қийин бўляпти. Ҳозир бошқармада 140 нафар ишчи бор. Ойлиги жуда кам — 1,5 млн сўм. Бундан ташқари уларнинг ҳаммаси Тошкент вилоятидан: Чиноз, Паркент томондан келиб ишлашади. Пойтахтдан туриб ишловчилар деярли йўқ, шаҳардагилар бу пулга ишламайди. Электричкада ёки бошқа жамоат транспортларида келиб, ишлайдилар. Агар қолиб ишлай деса, ётиш жойи йўқ», — деди у.

Кўпчилик дарахтларни эрта тонгда ёки кечқурун суғорса, эффекти юқори бўлади, дейди. Бу гап тўғри. Лекин, ходимларнинг иш вақти тонгги 08:00дан 17:00гача. Уларнинг эрталаб соат 4−5:00 да келишга имкони йўқ. Кечқурун қолиб кета олмайди ҳам. Чунки яшаш учун ётоқ жойлари ҳам мавжуд эмас, дея қўшимча қилди у.

Шунингдек, бошқарма бошлиғи тизимда яна бир муаммо борлиги, сўнгги йилларда пойтахтда қурилган кўплаб объектлар бошқармага эксплуатация қилиш учун ҳужжат бермаганини айтди.

«Сўнгги йилларда бизда яна бир асосий муаммо бу — мана ҳозир 5 йил ичида жуда кўп жойларда янги кўчалар, янги бинолар очилди. Оддий мисол мана, Фарғона йўли. Кўп жойларда янги газон ва дарахтлар экилди. Бироқ, бошқармага ўз вақтида экплуатация учун топширилмаяпти. Ҳозир мана камида 60−70 та объект бошқарма балансига топширилмаган. Ободонлаштириш бошқармаси ўзи билганича суғориб келяпти. Чунки, бу бошқарманинг балансига киритилмаган. Улар объектни суғоришимиз учун бизга шаҳар ҳокими тасдиқлаган ҳужжатни бериши керак. Бироқ, битта ҳам қурувчи бизга эксплуатация учун ҳужжат бергани йўқ», — деди бошқарма бошлиғи.

Бошқарма бошлиғи экоблогер эътибор қаратган суғориш фаввораларидаги камчиликларнинг хаммаси 1−2 кунда бартараф этилишига ишонтирмоқда. Ҳозирча, уларнинг аксар қисмида ҳолат тўғриланди.