Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида аҳолини дарахтларга нисбатан эътиборли бўлиш ва уларга зарар етказмасликка чорловчи плакатларнинг суратлари пайдо бўлди. Тармоқ фаоллари уни «Дарахтлар тилга кирганда» номи остида ўз саҳифаларида ҳам улашмоқда.

«Газета.uz» ғоя муаллифи — «O‘rikguli» номи остида фаолият олиб борувчи экоблогер Мўътабар Хушвақтова билан суҳбатлашиб, ундан қандай мақсад кўзлагани ҳақида сўради. Блогернинг айтишича, бу ғоя унда салкам бир йилдан бери бўлган.

«Уй юмушлари, бола тарбияси ва ўзимдан ортиб, бунга улгура олмаётгандим. Ҳайит байрами кунлари бунинг имкони топилди. Расмда кўрсатилган жойларнинг ҳаммаси ўзим кўриб, билиб юрган манзиллар. Агарда сиз шунчаки айланишга чиққан тақдирингизда ҳам, бундай жойларни: айнан шундай дарахтларни, бетонланган дарахтларни кўришингиз мумкин. Айтиш мумкинки, ҳар 10 метрда битта шундай муаммоли дарахтни учратиш мумкин», — дея таъкидлади у.

«Бундан кўзланган мақсад: ҳадеб арча экавермасдан, тўғри келадиган дарахтни экиш, дарахтларни бетонламасдан, унинг тагида ҳам жон борлигини тушуниш. Дарахтларнинг ўртасидан кесиб ташлаб, „Ҳа бу ўсади, ёнидаги чиққан шохлари катта дарахт бўлиб кетади“ дейиш — аҳмоқона жавоб. Катта дарахтларнинг ўртасидан кесиш нотўғри», — дейди у.

«Мен шунчаки 2 кун йўл-йўлакай кўчада плакат билан юриб, дуч келган муаммоли дарахтни расмга туширдим. Масалан, қурилишга халақит берган дарахтнинг ўртасидан кесилганини расмга олаётганимда қоровул чиқиб, нега уни тасвирга олаётганим, кимлигим, қайси ташкилотданлигим ва бунга нима ҳаққим борлигини сўради. Ўша ерда бироз муаммо бўлди. Қолган жойларда бундай ҳолатга учраганим йўқ», — деди экоблогер.

«Чунки бу уларнинг қурилиши олдидаги дарахт эди… Йўқ, ҳеч ҳам! Дарахтнинг олдидаги қурилиш эди», — дея сўзларини таҳрирлади у.

Таъкидланишича, ушбу ғояни амалга оширишда блогер ҳеч ким билан ҳамкорлик қилмаган. «Мен жамиятдаги муаммоларни ўзим билганимча, ўз фикрим билан олиб чиқаман, блогимда ёритиб бораман», — деди у.

o'rikguli, дарахт

«Мақсадим жамиятда дарахтларга бўлган муносабатни ўзгартириш эди. Бу иш давом этади. Ҳали режаларимда жуда кўп ёзилиши керак бўлган постлар бор. Имкон даражасида уларни қўйиб боришга ҳаракат қиламан».

Экоблогер ушбу акцияга қўшилишни истовчилардан унинг саҳифасини кузатиб боришларини, ҳашар ёки марафон тадбирлари уюштирилганда, қатнашишларини сўраб, бефарқ бўлмасликка чақирди. «Агар уларда ҳам бирор янги ғоя ёки таклиф бўлса, мурожаат қилишларини сўрардим», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, пойтахтда «Дарахтларни асрайлик» шиори остида экоакцияга старт берилган. Унда дарахтлар бетон, асфальт ва сунъий қопламалардан тозаланади. Акция дастлаб Олмазор туманида, сўнг бир ой ичида бошқа барча ҳудудларда ўтказилади. Кейинчалик уни бутун Ўзбекистон бўйлаб ўтказиш режалаштирилмоқда.