2024 йилдан Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимларига кенгаш раиси лавозимини эгаллаши тақиқланади. Бу ҳақда 3 май куни Сенат раиси Танзила Нарбаева ялпи мажлисда маълумот берди.

Президент 2022 йилда ҳокимлар ва маҳаллий кенгашлар ваколатини ажратиш таклифини илгари сурган. Тошкент шаҳри ва вилоятларда бу жараён 2024 йилдан (маҳаллий кенгашларга сайлов натижаларига кўра), туман ва шаҳарларда эса 2026 йил 1 январдан бошланади.

«Энди ҳокимларнинг ўзлари қарор қабул қилиб, ўзлари раҳбарлик қиладиган маҳаллий кенгашларда ушбу қарорларни тасдиқлатиш ва унинг ижросини назорат қилиш амалиётидан бутунлай воз кечилади. Чунки маҳаллий кенгашлар ва ҳокимларнинг ваколатлари алоҳида-алоҳида белгиланмоқда. Бу эса ушбу органлар масъулияти ва жавобгарлигини ошириш билан бир қаторда, вазифалар такрорланишининг ҳам олдини олади», — деди Нарбаева.

Сенат раисининг таъкидлашича, эндиликда маҳаллий вакиллик органлари халқ номидан муҳим сиёсий қарорларни мустақил қабул қилади. Ҳокимлар фаолияти устидан таъсирчан кенгаш ва депутатлик назорати ўрнатилади. Бундай янги ёндашув натижасида ҳокимиятлар бўлиниши принципи маҳаллий даражада татбиқ этилади. Кенгашлар назорати кучайиши ҳокимларнинг масъулияти ошишига замин яратади.

Мазкур шароитда Сенат ўзининг ҳудудлар манфаатини ифода этадиган орган сифатидаги янги конституциявий моҳиятидан келиб чиқиб, маҳаллий кенгашлар фаолиятини мувофиқлаштириш функцияси асосида улар билан ҳамкорлик даражасини янги босқичга олиб чиқиши лозимлиги қайд этилди.

«Жойлардаги долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларнинг ечимида доимий комиссиялар ролини кучайтирамиз. Доимий комиссиялар аҳолини ташвишга солаётган масалаларни нафақат маҳаллий кенгашлар муҳокамасига, балки Сенат қўмиталари билан ҳамкорликда Сенат мажлисларига ҳам олиб чиқиш амалиётини кенг йўлга қўйишлари мақсадга мувофиқ. Бунинг учун қўмиталар ва доимий комиссиялар ўртасидаги ўзаро фаолият фақатгина зарур ҳолларда юзага келиши эмас, балки узлуксиз ва тизимли аҳамият касб этиши лозим. Қўмиталаримиз кейинги иш фаолиятида маҳаллий кенгашлар иштирокини, ҳар бир масалани улар билан узвий ҳамкорликда ҳал этишни инобатга олишлари зарур», — дея қайд этди Сенат раиси.

Бундан ташқари, янги Конституцияда белгиланган нормалардан келиб чиқиб, вакиллик органлари фаолиятини тартибга солишга доир барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўлиқ қайтадан кўриб чиқилиши маълум қилинди.

Кенгашга, қонун ҳужжатларига мувофиқ, унинг ўринбосарлари орасидан сайланадиган раис бошчилик қилади. Вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида кенгаш раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмас.

Айни бир шахс кетма-кет икки муддатдан ортиқ кенгаш раиси лавозимида ишлай олмайди. Худди шундай талаб ҳокимлар учун ҳам татбиқ этилган.

Шу билан бир пайтда, ҳужжатда ҳокимларнинг кенгаш депутати, кейин эса сенатор этиб сайланишига тақиқ қўйилмаган. Ҳозирда деярли барча вилоятлар ҳокимлари сенатор ҳисобланади.

«Газета.uz» колумнисти Комил Жалилов аввалроқ ҳокимият тармоқларининг ҳаққоний бўлиниши ва репрезентатив демократиянинг мустаҳкамланиши бўйича ўзгартиришлар етишмагани бўйича ўз фикрлари билан бўлишганди.

Хусусан, сенаторларнинг тўғридан-тўғри сайловини (улар Сенатда вакиллик қилиши лозим бўлган вилоятлар аҳолиси томонидан сайланади) жорий этиш ва сенаторларни давлат раҳбари фармони билан тайинлаш амалиётидан воз кечишни таклиф қилган. Ҳозирда президент 100 сенатордан 16 нафарини, янги лойиҳага кўра эса, 65 сенатордан 9 нафарини тайинлаши мумкин.