Шавкат Мирзиёев ҳокимлар ва маҳаллий Кенгашлар ваколатини ажратиш — давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини ислоҳ қилишдаги муҳим масала эканлигини таъкидлади. У бунга душанда куни Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда тўхталиб ўтди, деб хабар берди президент матбуот котиби Шерзод Асадов. Ҳокимларнинг кенгаш раиси мақомини бекор қилиш 2019 йилги Давлат дастурида

«Барчангизга маълумки, бу ғояни мен аввал ҳам бир неча марта илгари сурган эдим. Амалга оширган ислоҳотларимиз натижасида маҳаллий Кенгашлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ваколатлари кенгайди», — деди у.

«Шундан келиб чиқиб, ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашларига ҳам бошчилик қилиши ҳақидаги қоидани Конституциядан чиқариб ташлаш вақти келди, деб ҳисоблайман, — деди Шавкат Мирзиёев. — Бу ислоҳотнинг жорий этилиши ҳокимият ваколатларининг бўлиниш принципини маҳаллий даражада татбиқ этишга, маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини, ҳокимларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини оширишга олиб келади».

Унинг сўзларига кўра, бу ҳудудларда халқ манфаатларини тўлиқ таъминлашга, ҳокимликлар фаолияти устидан Кенгашлар ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилади. «Биз халқ вакиллик органлари ваколатларини бундан буён ҳам янада кенгайтириш йўлидан борамиз», — деди давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» ҳокимларнинг халқ депутатлари кенгаши раиси мақомини бекор қилишга оид материал эълон қилганди. Таҳририятнинг аниқлашича, 2019 йилги Давлат дастурига кўра, 6 ой ичида мазкур ҳужжат ишлаб чиқилган. Адлия вазирлиги ўшандаёқ лойиҳани ҳуқуқий экспертизадан ўтказиб, ижобий хулоса берган. Бироқ, ҳужжатнинг ундан кейинги тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Қонунчилик палатаси маълум қилишича, «ҳужжат қуйи палатага келиб тушмаган, шу сабабли муҳокама қилинмаган». Сенат ҳам қуйи палатада кўриб чиқилмаган ҳужжат юқори палатага ҳам келиб тушмаслигини қайд этганди.

2021 йилнинг 18 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Андижон вилояти фаоллари билан учрашувда ҳокимларни халқ сайлаши ва улар келгусида кенгаш раиси бўлмаслигини таъкидлаганди.

«Биз жойлардаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича депутатлар, туман кенгашларига жуда катта ваколатлар берганмиз. Шундай тизимга ўтамизки, ҳар бир кенгаш раҳбари ҳоким бўлмайди. Кенгашга сайланган депутат унга раҳбар бўлади. Вилоят ҳокими ҳам вилоят кенгашининг раҳбари бўлмайди. Ижро органи раҳбари — туман, шаҳар кенгашларига ҳисобот берувчи. Бу тизимни онгимизга сингдирмаганимиз учун, одамлар ўргансин деб уни ушлаб турибман», — деганди у.

Давлат раҳбари ўшанда «халқ жойлардаги ҳокимият вакилларидан ҳисобот талаб қилса, вазият ўзгаради», дея қўшимча қилганди.

2021 йил 6 ноябрь куни Шавкат Мирзиёев инаугурация маросимида сўзлаган нутқида ҳам мазкур масалага тўхталиб ўтди.

«Неча марта биз буни гапирямиз, лекин мана, беш йил тажриба орттирдик… Энди кенгашнинг раҳбари ижро органи раҳбари бўлиши мумкин эмаслигини халқимизнинг ўзи айтяпти. Вақт-соати келди, қонуний масалани ҳам жой-жойига қўямиз. Шундай қилиб, демократик йўналишлардаги катта пойдеворни яратамиз. Агар шу пойдевор бўлса, анча анчагина ижро органи раҳбарлари ҳам халқ томонидан жиловланади. Халқ деганим — депутатлар томонидан, депутатлар деганим — халқ сайлаган вакиллар томонидан», — деганди у.

8 февраль кунига келиб, биринчилардан бўлиб Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида тажриба тариқасида ҳокимнинг халқ депутатлари кенгаши раиси мақоми бекор қилинганди. «30 та депутат ичидан кенгаш раиси сайланади. У мени бошқарадида энди… Бир умрлик орзуйим шу», — деди Боёвут ҳокими Дилфуза Уралова. Унинг сўзларига кўра, доимий ишловчи депутат ва сенаторлар фаолият йўлга қўйилади, уларга ойлик маош тўланади. Энди ҳоким ўзига эмас, балки кенгаш олдида ҳисобот беради.