Исломиддин Норимов Навоий вилояти ҳокими ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Норимов 1991 йилда Самарқанд вилоятида туғилган. Маълумоти олий, 2015 йилда Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтининг бакалавр босқичини, 2021 йилда Жанубий Кореянинг Сеул университети магистратура бўлимини тамомлаган.

Тайинловга қадар у Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ахборот-таҳлил бош бошқармаси ахборот таъминоти бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида фаолият юритган. Шунингдек, вазирликнинг Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи сифатида ҳам иш олиб борган.

Аввалроқ Акрамжон Абдухамидов Наманган вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари этиб тайинлангани маълум қилинганди.