Тошкент вилояти Оҳангарон туманида ноқонуний балиқ овлаган шахслар табиатга 531 миллион сўмлик зарар етказди, деб хабар бермоқда Табиат ресурслари вазирлиги.

Қайд этилишича, вазирлик бошқармаси ходимлари томонидан 3 нафар фуқаро ноқонуний балиқ овлагани аниқланган. Тумандаги Қайирма қишлоғи ҳудудида рейд тадбири давомида Оҳангарон — Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган автомобиль тўхтатилган.

1991 йилда туғилган фуқаро Б.А. бошқарувидаги автомобиль текширилганида Б.А. билан бирга 1981 йилда туғилган Д.А. ҳамда 1984 йилда туғилган Р.К. электр қармоқ ёрдамида балиқ овлагани маълум бўлган. Улар жами оғирлиги 48 кг бўлган 2950 дона балиқни нобуд қилган. Бу орқали табиатга 531 млн сўм зарар етказилган.

Ҳолат юзасидан жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан ҳукм чиқарилди. Унга кўра, ҳуқуқбузарлар томонидан ҳайвонот дунёсига етказилган 531 млн сўм миқдоридаги зарар белгиланган тартибда ундириладиган бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда балиқ овлашни тартибга солувчи қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилганди. Муҳокамалар якунланган, Вазирлар Маҳкамаси эса қарор лойиҳасини кўриб чиқмоқда.

Унда браконьерликка қарши курашиш, ноқонуний ов оқибатида етказилган зарарни ҳисоблаш, тақиқланган ов қуролларини йўқ қилиш тартиблари мавжуд. 2022 йилда ноқонуний балиқ овлаш бўйича 1119 та ҳуқуқбузарлик аниқланган.