Ўзбекистонда балиқ овлаш билан боғлиқ қонунчилик ҳужжатларидаги мавжуд бўшлиқлар тўлдирилиши кутилмоқда. Бош прокуратура томонидан бу бўйича қарор лойиҳаси муҳокамалар порталига қўйилди.

Таъкидланишича, бугунги кунга қадар «Балиқ овлаш қоидалари» ишлаб чиқилмагани оқибатида табиий сув ҳавзаларидаги балиқ ресурсларидан фойдаланишда кўплаб қонун бузилиши ҳолатлари юзага келмоқда. Табиий сув ҳавзаларидан саноат миқёсида балиқ овлаш учун тўлов миқдори, ноқонуний балиқ овлаш оқибатида етказилган зарарларни ҳисоблаш тартиблари ҳам мавжуд эмас.

Мамлакат табиий сув ҳавзаларидан балиқ овлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, улардаги балиқ ресурсларини муҳофаза қилиш ва браконьерлик ҳолатларининг олдини олиш учун соҳани ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш заруриятини вужудга келтирмоқда.

Жумладан, 2022 йилда ноқонуний балиқ овлаш билан боғлиқ 1119 та ёки 2021 йилга нисбатан 326 тага кўп ҳуқуқбузарликлар аниқланган.

Тақиқланган балиқ овлаш қуроллари ва уларни йўқ қилиш масалалари қонунчилик билан тартибга солинмагани оқибатида ноқонуний балиқ овлаш воситаларидан такрорий ҳуқуқбузарликларда фойдаланиш учун имконият юзага келган.

2022 йилда мазкур тоифадаги ҳуқуқбузарликлар сони 326 тага ошган, улардан 441 дона ёки 2021 йилга нисбатан 112 дона кам ноқонуний балиқ овлашда фойдаланилган тўр ва бошқа воситалар олинган.

Ўтказилган назорат тадбирларида:

  • қонунга зид бўлган ҳужжатларга нисбатан 199 та протест келтирилди;
  • қонун бузилиши ҳолатларини бартараф қилиш юзасидан 66 та тақдимнома киритилди;
  • 251 нафар шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди;
  • жиддий қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 87 та жиноят иши қўзғатилди.

Илгари сурилаётган қарор лойиҳасида эса:

  • табиий сув ҳавзаларида ҳаваскорлик, спорт ва саноат мақсадида балиқ овлаш тартиби;
  • балиқларнинг саноатбоб ўлчамлари, уларни овлаш учун тўловлар миқдори, овлаш учун рухсат берилган тўрларни махсус тамғалаш бўйича талаблар ҳамда саноат мақсадида балиқ овлашнинг ҳисобини юритиш тартиби;
  • балиқ ресурсларидан фойдаланиш устидан назорат, ноқонуний балиқ овлаш оқибатида етказилган зарарларни ҳисоблаш тартиби;
  • тақиқланган балиқ овлаш қурол ва воситаларини йўқ қилиш масалаларини ҳал этишнинг тартиби белгиланмоқда.