«Тошшаҳартрансхизмат» компанияси бошқаруви раиси, пойтахт транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраев сўнгги пайтларда «гормошка» автобуслар билан боғлиқ нохуш ҳолатлар юзасидан «Газета.uz» мухбирига изоҳ берди.

Эслатиб ўтамиз, бир кун аввал Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида ажратилган чизиқ бўйлаб ҳаракатланаётган иккита янги «King Long» автобуси газ баллонларининг қобиғи дарахтга урилиб, газ ускунаси автобусларнинг томидан учиб кетганди.

«24-йўналишда 18 метрли автобус устидаги газ баллон ускунасининг ҳимоя корпуси тушиб кетган. Бунга сабаб чинор шохлари бўлди, кейин ободонлаштириш бошқармаси билан бирга даратнинг ортиқча шохларини олиб ташладик, — дейди Анвар Жўраев. «Аммо бу дарахтнинг танаси йўлга эгилиб турганини ҳисобга олиб, биз йўл белгиларини Йўл ҳаракати бошқармаси билан биргаликда кўриб чиқяпмиз. Ўша қисмдаги йўл тасмасини қайтадан чапроққа суриб, чизиб чиқамиз. Шунда бу дарахтни четлаб ўтиш ва келажакда дарахт ва автобус ўртасида тўқнашиш ҳолатларнинг олдини олиш мумкин бўлади».

Транспорт департаменти раҳбари илк бор 26 апрель куни 93-йўналишдаги автобус билан содир бўлган шундай ҳолатга ҳам изоҳ берди. Анвар Жўраевнинг таъкидлашича, ўшанда фақат новдалар тегиб кетган, бу эса транспортга жиддий зарар этказмаган.

«Биз автобусларни йўлга қўйишдан олдин идоралараро ишчи гуруҳ тузгандик. Ободонлаштириш бошқармаси, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Транспорт вазирлиги ва „Тошшаҳартрансхизмат“ билан ҳамкорликда ҳар бир йўналиш бўйлаб айландик, [жуда катта сиғимли] автобусларда юзага келиши мумкин бўлган тўсиқларни, бурилиш, қайрилиш имкониятларини ўргандик. Кўчаларнинг барча параметрлари улардаги бўғинли автобуслар ҳаракатига мос келади. Ажратилган чизиқлар уларнинг қайрилиши учун ҳам етарли. Ижтимоий тармоқлардаги тафовут ҳақида ёзилган фикрлар ҳақиқатга тўғри келмайди», — дея таъкидлади Анвар Жўраев.

«Инсон омили бор. Тан олишимиз керакки, узоқ вақт давомида бизда айниқса катта сиғимли автобуслар бўлмаган, [шунинг учун] бу автобусларда ишлайдиган ҳайдовчилар кимнидир уриб юбориш ёки бирор нарсага урилишдан қўрқишади ва шунинг учун улар қайрилаётгнанда каттароқ радиусда қайрилишади. Лекин шуни таъкидлаб ўтмоқчиманки, 18 метрли ёки электробус ва бошқа янги автобусларга ўтирган ҳар бир ҳайдовчи ўқитилган», — деди бошқарма бошлиғи.

Унинг сўзларига кўра, янги «Шарқий» аэропортда Хитойдан саккиз нафар инструктор иштирокида ҳайдовчиларнинг малакасини синовдан ўтказиш ва текшириш платформаси яратилган. Улар тошкентлик ҳайдовчиларни 18 метрли автобуслар, электробуслар ва газли автобусларни бошқаришга ўргатишди. Фақат тренингдан кейин уларга ҳайдовчилик сертификатларини беришди.

«Биз хитойлик ҳамкасбларимиз билан линияларга борамиз, улар ҳақиқий йўлда ҳайдовчининг маршрутда қандай ҳайдашини кузатади ва тавсиялар беради. Қолаверса, параллель равишда кўрсатма берамиз», — дея хулоса қилди Анвар Жўраев.