Тошкентда ўтказилган енгил атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 12 медаль — 3 олтин, 3 кумуш ва 6 бронза медалини қўлга киритди, деб хабар берди Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати. Мусобақада қитъанинг 40 га яқин давлатидан 500 нафар спортчи иштирок этди.

28 апрель куни диск улоқтиришда қизлар ўртасида Маҳлиё Маҳмудова (35,17 м) кумуш, Шаҳзода Шозодова (32,44 м) бронза медалига сазовор бўлди. Баландликка сакраш секторида Эмилия Рудина учинчи ўринни эгаллади (1,69 м).

29 апрель куни уч ҳатлаб сакраш дастурида 13,99 м натижа қайд этган Шарифа Давронова 18 ва 20 ёш тоифаларида мусобақа рекорди ва жаҳон миқёсида мавсумнинг энг яхши натижасини ўрнатиб, биринчи ўринни эгаллади.

Шу куни ўғил болалар ўртасида баландликка сакрашда Девдавс Исмоилов 2,06 м натижа билан олтин медални қўлга киритган бўлса, аёллар ўртасида 400 м масофага тўсиқлар оша югуриш баҳсларида ўзбекистонлик спортчи Сабина Ғоибназарова 1:04,06 натижа билан учинчи ўринни эгаллади.

Чемпионатнинг сўнгги кунида аёллар ўртасида 2000 м масофага стипль-чез тарзида югуриш баҳсларида Маҳлиё Муҳаммаджонова 7:10,49 ҳисобида ғалаба қозониб, терма жамоа ҳисобига учинчи олтин медални келтирди.

Бронза медалларини Анна Чикалова (етти кураш, 4739 балл) ва Абдуазиз Раҳматуллаев (диск улоқтириш, 54 м) қўлга киритди.

Чемпионатнинг биринчи кунида ўзбекистонлик спортчилар учта медаль — иккита кумуш ва битта бронзани қўлга киритганди.