Конституциянинг янги таҳрири бўйича референдумда соат 15:00 ҳолатига 14 206 021 киши ёки овоз берувчи сифатида рўйхатга олинган ўзбекистонликларнинг 73,17 фоизи овоз бериб бўлди, дея маълум қилди МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров.

Энг юқори фаоллик Сирдарё (78,83 фоиз), Андижон (78,46 фоиз) ва Фарғона (77,53) вилоятларида қайд этилмоқда. Айни вақтда, Тошкент шаҳрида овоз берувчиларнинг 68,49 фоизи, Сурхондарёда 69,56 фоизи, Бухоро вилоятида эса 69,80 фоизи овоз берган — бу ҳудудлар орасидаги энг паст кўрсаткичлардир.

референдум-2023

референдум-2023

Баҳром Қўчқоровнинг қўшимча қилишича, Россиянинг Владивосток, Япониянинг Токио ва Жанубий Кореянинг Сеул ва Квангжу шаҳарларида ташкил этилган референдум участкаларида овоз бериш жараёнлари якунланган. Ушбу участкаларда овоз бериш натижаларини аниқлаш, бюллетенларни санаш жараёнлари бошланди.

«Бошқа хорижий мамлакатларда ташкил этилган референдум участкаларида овоз бериш жараёнлари давом этмоқда», — деди МСК раҳбарияти вакили. Маълумот учун, хорижда 307 895 киши овоз берувчилар рўйхатига киритилган, шулардан 159 276 нафари муддатидан олдин овоз берган.

Ижтимоий тармоқларда ва интернет-нашрларда айрим референдум участкаларида камчиликлар, қонун бузилиши ҳолатлари тўғрисида хабарлар берилмоқда. «Албатта, барча ҳолатлар Марказий сайлов комиссияси томонидан округ комиссиялари ҳамда мутассаддилар билан биргаликда қонун доирасида кўриб чиқилади», — деди Қўчқоров.