Ижтимоий тармоқларда ўқувчи қизларнинг стадионда муштлашгани акс этган видео пайдо бўлди. Аввалига 10 дан ортиқ қизлар тўп бўлиб кетаётганини кўриш мумкин, сўнгра улар икки алоҳида гуруҳга бўлинади. Кадр ортидан эса ҳолатни суратга олаётган йигитларнинг луқма ва кулгилари эшитилади.

Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизматининг жума куни хабар беришича, ҳодиса 25 апрель куни соат 16:30 атрофида Булунғур туманидаги «Диёр» спорт мажмуаси ҳудудида содир бўлган.

Қизлар тумандаги 22 ва 23-мактабларнинг 8-синфда ўқийди. Можаро қизларнинг бир-бирларига нисбатан ҳақоратли сўзларни айтгани сабабли юзага келган, дейилади хабарда.

Ҳозирда туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Унинг натижаларига кўра мактаб жамоалари ва ота-оналар иштирокида муҳокама ўтказиш режалаштирилган.