2023-йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб Ўзбекистон ва Венгрия пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 27-апрель куни Венгрия иқтисодий ривожланиш вазири Мартон Над Тошкентда бўлиб ўтган иккинчи Халқаро инвестиция форумида сўзлаган нутқида маълум қилди. Тадбирда 2000 дан ортиқ халқаро бизнес вакиллари — компаниялар, фондлар раҳбарлари, таниқли иқтисодчи ва экспертлар иштирок этмоқда.

«Икки давлат ўртасидаги алоқа, уларни ажратиб турадиган 4000 км масофага қарамай, яқин келажакда янада яқинроқ ва аҳамиятли бўлади», — деди Мартон Над ва тўғридан-тўғри рейслар мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий муносабатлар эканини қўшимча қилди.

Шунингдек, у иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Венгрия ҳукуматлараро комиссиясининг сўнгги йиғилишида тўқимачилик, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва кимё саноати соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинганини таъкидлади.

Шунингдек, Венгрия Ўзбекистон билан сунъий интеллект технологиялари ва дронларни ишлаб чиқариш бўйича тажриба алмашишга тайёрлигини билдирди.

Режалаштирилган тўққизта инвестиция лойиҳасини амалга ошириш аллақачон бошланган. Венгрия ва Ўзбекистонни нафақат ишбилармонлик ҳамкорлиги, балки шахсий дўстлик ҳам боғлаб туради, — деди Мартон Над.

Форум доирасида Мартон Над Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.

Икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор чора-тадбирлари муҳокама қилинди, бизнес ва минтақалар даражасидаги ҳамкорликни тубдан кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

будапешт, рейслар

Яқин ойларда тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш, чуқурлашган саноат кооперацияси учун мўлжалланган тузилма шартларини тез фурсатда келишиш ва фаолиятини бошлаш муҳим экани таъкидланди.

Қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, транспорт ва коммуникациялар, самарали молиявий воситаларни яратиш борасидаги лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш ишларини тезлаштиришга келишиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, март ойи охирида Будапештда Ўзбекистон элчихонаси очилган эди.

Февраль ойида Венгрия ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийярто Венгрия Тошкент яқинида махсус саноат зонаси ташкил этаётганини, у ерда венгер компанияларига озиқ-овқат, дори воситалари ва тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, атом саноати ва бошқа соҳаларга сармоя киритиш учун алоҳида ҳуқуқий мақом берилишини айтган эди. Бундан ташқари, Венгриянинг энг йирик банки OTP Ўзбекистондаги Ипотека-банкни сотиб олди.