27 март, душанба куни Венгрия пойтахти Будапештда Ўзбекистон элчихонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

Тадбирда Ўзбекистон ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов, Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сийярто, иқтисодий ривожланиш вазири Мартон Над, шунингдек, кенг жамоатчилик, сиёсий, ишбилармон доиралар вакиллари, маҳаллий ОАВ ходимлари иштирок этди.

бахтиёр саидов, венгрия, ўзбекистон элчихонаси

Б.Саидов ўз нутқида Ўзбекистон очиқ, прагматик, тинчликсевар ташқи сиёсат юритаётгани, барча давлатлар билан ўзаро манфаатли алоқалар ривожланиб бораётгани, хусусан, Венгрия билан ҳамкорликни кенгайтириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири эканини таъкидлади.

Петер Сийярто Ўзбекистон элчихонасининг очилиши икки мамлакатлар ўртасидаги алоқаларда кузатилаётган ижобий ўсиш суръатининг тасдиғи эканини таъкидлади. Шунингдек, элчихона фаолияти Ўзбекистон-Венгрия муносабатларини кенгайтириш ва бойитишга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Бунгача Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчиси, бир вақтнинг ўзида Австриядаги элчиси ҳам бўлган.

Венгрия 2016 йилда Тошкентда элчихонасини очган.

Ўзбекистон ва Венгрия ташқи ишлар вазирлари ўртасида элчихона очилиши олдидан бўлиб ўтган музокараларда икки давлат ўртасидаги турли соҳалардаги муносабатларни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Учрашув якунлари бўйича маданий мерос соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми имзоланди.