Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 апрель куни иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида қатнашиб, очилиш маросимида нутқ сўзлади.

Унинг сўзларига кўра, ташқи савдо ва рақобат муҳитини янги босқичга олиб чиқиш, янги-янги бозорларга кириш мақсадида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш борасидаги ишлари жадаллаштирилмоқда.

«Алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман, Жаҳон савдо ташкилоти талаблари ислоҳотларимиз мазмунига тўла мос ва биз ушбу нуфузли ташкилотга тезроқ аъзо бўлиб киришдан манфаатдормиз. Ҳозирги вақтда аъзо мамлакатлар билан музокаралар олиб бориш ҳамда миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти қоидалари билан уйғунлаштириш қизғин босқичда. Йил якунига қадар сезиларли натижаларга эришиш бўйича аниқ режаларни олганмиз», — дейди президент.

шавкат мирзиёев, инвестиция форуми

Давлат раҳбари, шунингдек, ижро ҳокимияти тизимида бюрократияни камайтириш, коррупцияни йўқ қилиш, ихчам, самарали бошқарувни жорий этиш мақсадида «дадил маъмурий ислоҳот бошлангани»ни билдирди.

Президент инвесторларга «ягона дарча» орқали кўмаклашиш йўлга қўйилгани ва президент ҳузурида Хорижий инвесторлар кенгаши иш бошлаганини маълум қилди.

«Мен хорижий компаниялар вакиллари ва ишбилармонлар билан кўпроқ мулоқот қилишга интиламан. Сизларнинг ғоя, таклиф ва ташаббусларингиз менга куч-ғайрат беради, янги ислоҳотларга ундайди. Шу боис янги-янги инвесторлар билан тез-тез учрашувлар ўтказишга, сизларнинг юртимиздаги ютуқларингизни шахсан кафолатлашга тайёрман», — таъкидлади президент.

Инвесторлар ҳуқуқларини суд орқали кафолатли ҳимоя қилиш борасида ҳам ишлар бораётгани билдирилди.

«Бу борада маъмурий судларнинг нуфузи оширилди ва уларга катта ваколатлар берилди. Бундан буён тадбиркор ва инвесторлар судда ўз талабининг тўғрилигини исботлаши шарт эмас. Энди давлат идораси ўз қарорининг қонунийлигини исботлаб беришга мажбур бўлади. Юзага келган ҳар қандай ноаниқликлар эса инвесторлар фойдасига ҳал қилинади», — деди у.

Президент, бундан ташқари, қонунларда халқаро арбитраж судлари қарорларини мажбурий ижрога қаратиш механизмлари мустаҳкамлаб қўйилгани ҳақида гапирди.

«Жорий йилда ҳам тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ислоҳотларимиз давом эттирилади. Жумладан, халқаро экспертлар кўмагида тарихимизда илк бор Халқаро тижорат суди фаолияти йўлга қўйилади», — деди давлат раҳбари.

шавкат мирзиёев, инвестиция форуми

Президент Ўзбекистон «яшил иқтисодиёт»га ўтиш йўлини қатъий давом эттиришини билдирди. Айниқса, ACWA Power (Саудия Арабистони), Masdar (БАА), Total Eren (Франция) каби жаҳоннинг энг нуфузли компаниялари мамлакатда йирик қуёш ва шамол электр станциялари лойиҳаларини амалга ошираётгани таъкидланди. Шу йилнинг ўзида 2 минг мегаваттдан зиёд, кейинги йилда эса 8 минг мегаваттли қувватлар ишга тушади.

Давлат раҳбари инвесторларни қуёш панеллари, шамол турбиналари, инвертор ва бошқа электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар ташкил этилаётган «яшил иқтисодиёт» саноат лойиҳаларида иштирок этишга таклиф қилди. Унинг сўзларига кўра, бундай маҳсулотлар бозори 8 миллиард долларга баҳоланмоқда.

2023 йилда Ўзбекистонда давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича 1000+1000+40 дастурини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Гап 1 мингта корхонадаги давлат улушлари ҳамда яна 1 мингта давлатга тегишли кўчмас мулк объектлари очиқ аукцион савдоларига чиқарилиши, иқтисодиёт учун стратегик аҳамиятга эга 40 та корхона IPO га олиб чиқилиши ҳақида бормоқда.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон учун саноатни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш устувор вазифа эканини таъкидлади. Масалан, бугунги кунда тўқимачилик, чарм-пойабзал, электротехника, машинасозлик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш тармоқлари етарли хомашё базаси ва малакали кадрларга эга, деб ҳисоблайди у.

«Яъни шу соҳаларда „катта сакраш“ қилиб, улардаги ишлаб чиқариш ва экспортни 2 баробар ошириш учун етарли имкониятлар бор. Бунинг учун бизга йирик брендлар билан ҳамкорлик, ташқи бозорларга чиқиш, инновация ва замонавий технологиялар керак. Буларни олиб келадиган инвесторларга биз барча шароитларни яратиш, алоҳида технопарк ҳамда саноат зоналари ташкил қилиш ва бошқа қўшимча имтиёзларни яратиб беришга тайёрмиз. Бу борада вазирларга топшириқ берганман. Улар сизларга форум сессиялари давомида 160 та йирик ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни тақдимот қилади», — деди президент.

Давлат раҳбари «инвесторлар муваффақиятини кафолатлашини» яна бир бор таъкидлади.

«Сизлар ўзингиз истаган тинчлик ва барқарорлик, қулай инвестиция муҳити ҳамда зарур кафолатларни айнан бизнинг юртимизда топасиз. Бунга мен президент сифатида кафолат бераман. Янги Ўзбекистон Сизнинг бизнес фаолиятингизда алоҳида ёрқин из қолдирадиган макон бўлиб хизмат қилади, деб ишонаман», — деди у.

Президент аввалроқ 2023 йилда Андижон, Наманган, Бухоро ва Урганч аэропортлари бошқаруви хусусий секторга топширилишини маълум қилганди.