Шавкат Мирзиёев иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этди. Давлат раҳбари форумнинг ялпи мажлисида нутқ сўзлади.

Сессияда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси — президент Администрацияси раҳбари Ақилбек Жапаров, Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад бин Сулаймон ал-Жассир, БМТ Бош котибининг ўринбосари Ольга Алгаерова, Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Сухайл ал-Мазруий, Венгрия иқтисодий ривожланиш вазири Мартон Надь, «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абдулла Абунайян ҳам қатнашди.

Тадбирда 70 мамлакатдан келган 2,5 мингга яқин ишбилармон доиралар ва банк-молия соҳаси вакиллари иштирок этди.

Давлат раҳбари хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги янги имкониятларни санаб ўтди.

«Яшил иқтисодиёт» саноатнинг янги йўналишларини олиб келаётгани айтилди. Қуёш панеллари, шамол турбиналари, инвертор ва бошқа электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар барпо этилмоқда. Бу — инвесторлар учун 8 миллиард долларлик имконият экани қайд этилди.

Давлат раҳбари сармоядорларни шу каби лойиҳаларни амалга оширишга таклиф қилди ва бунинг учун барча шароитларни яратиб беришга тайёрлигини билдирди.

Олдинлари «ёпиқ» бўлган тармоқларга хусусий инвестициялар фаол кириб келаётгани таъкидланди.

«Биз транспорт соҳасида рақобат муҳитини яратишга қаратилган ислоҳотларни давом эттирамиз. Бу йил Андижон, Наманган, Бухоро ва Урганч аэропортлари бошқарувини ҳам хусусий секторга топширамиз. Темир йўл соҳасида ҳам катта ўзгаришларни бошлаяпмиз ва бунда инвесторлар фаол иштирок этишларини сўраб қоламан», — деди президент.

Бу йил давлат-хусусий шерикликни жорий қилиш бўйича 14 миллиард долларлик алоҳида дастурлар халқаро молия институтлари кўмагида ишлаб чиқилгани маълум қилинди. Булар давлат учун муҳим бўлган транспорт, коммунал ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш каби тармоқларни қамраб олади.