Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ва Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси 24 апрель куни Бухоро вилоятидаги Бош ва Жонкелди шамол электр станцияларини ривожлантириш учун 174 миллион доллар миқдоридаги кредитларни имзолади.

ОТБ матбуот хизмати хабарига кўра, молиялаштириш ОТБнинг оддий капитал ресурслари ҳисобидан бўлади, Бош ШЭС учун 40,5 миллион доллар ва Жонкелди ШЭС учун 46,5 миллион доллар миқдорида кредитларни ўз ичига олади. Бундан ташқари, банк Осиёнинг етакчи хусусий инфратузилма фонди (LEAP) ҳисобидан Бош ШЭС учун 40,5 миллион доллар ва Жонкелди станцияси учун 46,5 миллион долларни бошқаради.

Ҳар бир электр станцияси 79 та шамол турбинасидан (жами 158 та турбинадан) иборат бўлиб, улар 3235 гигаватт-соат ишлаб чиқаради ва йилига 2 миллион тонна карбонат ангидрид эквиваленти эмиссиясини камайтириши керак. Бош ва Жонкелди электр станциялари биргаликда Марказий ва Ғарбий Осиё минтақасидаги энг йирик коммунал миқёсдаги шамол энергетикаси лойиҳасига айланади. Шунингдек, кредитлар электр тармоғига уланиш учун 282,5 км 500 киловолтлик бир занжирли электр узатиш ҳаво линиясини қуришга ҳам йўналтирилади.

ОТБнинг АCWА билан сўнгги ҳамкорлигининг умумий қиймати тахминан 1,35 миллиард долларни ташкил этади.

Параллель кредиторлар DEG — Deutsche Investitions-Und Entwicklungsgesellschaft, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, ОПEК Халқаро тараққиёт жамғармаси ва Proparco ҳисобланади.

LEAP ОТБ томонидан бошқариладиган фонд бўлиб, Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг 1,5 миллиард долларлик капиталига эга. 2016 йилда ташкил этилган LEAP ОТБнинг ривожланаётган аъзо мамлакатларига углерод чиқиндиларини камайтирадиган, энергия самарадорлигини оширадиган ҳамда соғлиқни сақлаш, таълим ва алоқа хизматларини арзон нархда таклиф қилувчи юқори сифатли, барқарор хусусий сектор инфратузилма лойиҳаларини тақдим этишни мақсад қилган.

Бош ва Жонкелди электр станциялари лойиҳалари ACWA Power компаниясига тегишли махсус мақсадли механизмлардир. Компания 2008 йилда ташкил этилган бўлиб, 13 та мамлакатда 67 та фаол, қурилаётган ёки истиқболли активларга эга бўлган электр станциялари ва тузсизлантириш қурилмаларининг ишлаб чиқарувчиси, инвестори ва оператори ҳисобланади.

Ўзбекистон компания сармоялари бўйича Саудия Арабистонидан кейин иккинчи ўринда туради. Март ойида Ўзбекистон ҳукумати ACWA Power компанияси билан Тошкент ва Самарқанд вилоятларида умумий қуввати 1400 МВт бўлган иккита қуёш электр станциясини, шунингдек, учта ҳудудда 1200 МВт қувватга эга энергия сақлаш тизимларини қуриш бўйича шартномалар имзолаган эди.