Табиат ресурслари вазирлиги ташаббуси билан Тошкент шаҳрида «Дарахтларни асрайлик» шиори остидаги экоакцияга старт берилди. Мазкур акция 20 апрель куни Олмазор туманидаги «Шодиёна» маҳалласидан бошланди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Пойтахт ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган акциянинг очилиш тадбирида ҳокимлик ва вазирлик раҳбарияти, ИИО ва ободонлаштириш ходимлари, жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимовнинг таъкидлашича, мазкур акциядан мақсад — бетонланган ёки асфальтланган дарахтларнинг таг қисмини очиб, уларнинг яшовчанлигини таъминлаш.

азиз абдуҳакимов, дарахтларни асрайлик, табиат ресурслари вазирлиги

Азиз Абдуҳакимов.

«Бугун шаҳримизда эътиборсизлик оқибатида кўплаб дарахтларнинг илдиз қисми бетонлангани ёки сунъий қопламалар билан ўралганини кўриш мумкин. Бу эса уларнинг илдизларига ҳаво киришини камайтиради, нобуд бўлиш хавфини келтириб чиқаради. Аслида дарахтлар атрофи 50−60 см очиқ бўлиши лозим. Бундан ташқари, дарахтларга тунги пластик ёриткичлар ўраб қўйилганини ҳам кўп кўрамиз. Тўғри, бу орқали шаҳар гўзал бўлиб кўриниши мумкин. Лекин ёриткичларнинг қизиши дарахтларнинг табиий ривожланиш жараёнига акс таъсир кўрсатади, қуришига олиб келади. Дарахтларга реклама баннерларини мих билан қоқиб, илиб қўйилиши ҳам салбий ҳолат. Қисқаси, дарахтларнинг илдизи бетон, асфальт ва сунъий қопламалар туфайли жуда катта зарар кўради. Акция доирасида шу масалаларга қарши курашамиз», — деди вазир.

Абдуҳакимовнинг қайд этишича, акцияга кимнидир жазолаш нуқтаи назаридан ёндашилмаяпти. «Аввало, одамларни огоҳлантириб, тушунтириш ишларини олиб борамиз. Бундай ҳолатларни бартараф этишда бизга амалий кўмак беришларини хоҳлаймиз. Лекин огоҳлантиришимизга бефарқ бўлган ёки дарахтлар парваришига салбий таъсир қиладиган, яъни юқорида айтиб ўтилган ҳолатларни қилишда давом этган тадбиркорлар ҳамда фуқароларга қонуний жазо кўришга мажбур бўламиз. Шунинг учун улардан эътиборли бўлишларини илтимос қилардик», — деди у.

Тошкент шаҳри ҳокими биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновнинг айтишича, баъзи тадбиркорлар ва айрим аҳоли вакиллари дарахтларнинг тагини бетонлаб, сув қуйиш имконини қолдирмасдан, уларни қуритмоқда.

азиз абдуҳакимов, дарахтларни асрайлик, табиат ресурслари вазирлиги

Бахтиёр Раҳмонов.

«Эндиликда Тошкентда ҳам, бошқа вилоятларда ҳам дарахтларнинг остини бетонлаб, асфальтлаб кетишни тўхтатишимиз керак. Бугундан асфальт ва бетон ҳибсига тушган дарахтларнинг остини бўшатиб, уларга иккинчи ҳаёт бериш мақсадида акция бошладик. Жараён Олмазордан старт олди. Мазкур туманда бундай дарахтлар 252 та бўлиб, бир неча кун ичида уларнинг остини очиб, озуқа бериш имконини яратамиз. Бундан ташқари, Олмазордаги қуриб қолган, қишдан чиқолмай, совуқ урган икки юздан зиёд дарахтнинг ҳам қонун доирасида актларини тузиб, олишни [кесишни — таҳр.] бошлаймиз», — деди у.

Унинг қайд этишича, дарахтларни асфальт ва бетонлардан қутқариш акцияси параллел равишда пойтахтнинг бошқа туманларида ҳам ўтказилади ва жараён бир ой давом этади. «Буни кейинчалик бутун республикада ўтказиш, бошқа вилоятларда ҳам оммалаштириш режалаштирилган», — дея қўшимча қилди пойтахт ҳокимлиги расмийси.

Раҳмоновнинг сўзларига кўра, «Яшил макон» лойиҳаси доирасида пойтахтда мевали ва манзарали дарахтлар, гуллар экиш ҳаво ҳароратининг илиқлиги сабабли ҳалигача давом этмоқда. «Бу йил куз билан ҳисобласак, 1 250 000 дарахт экилди. Шунингдек, давлат раҳбари ҳар бир маҳаллада мингтадан қўшимча дарахт экасизлар, деган. Буни ҳам қиляпмиз», — деди ҳоким ўринбосари.

Очилиш тадбирида таъкидланишича, акция давомида Тошкент шаҳрининг барча ҳудудларида бетонланган ёки асфальтланган дарахтларнинг таг қисми очилиб, мутахассислар жалб этилган ҳолда агротехник ишлар олиб борилади.

Табиат ресурслари вазирлиги томонидан аҳолидан тушадиган аризалар тўпланиб, дарахтларнинг табиий ўсиш жараёнига халақит берувчи муаммолар ободонлаштириш бошқармалари ва маҳалла фаоллари билан биргаликда бартараф этилади.

Дарахтларни муҳофаза қилишни янада кучайтириш мақсадида вазирлик томонидан Telegram бот ишга туширилди. У орқали аҳоли дарахтларга зарар етгани ҳақида электрон шаклда ариза юбориши мумкин. Ботдан фойдаланиш бўйича кўрсатмалар вазирликнинг YouTube каналида бериб ўтилган.