14 апрель куни Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Москвада Россия ҳукумати раҳбари ўринбосари Александр Новак билан учрашув ўтказди, деб хабар қилди Россия ҳукумати матбуот хизмати. Ўзбекистон делегацияси таркибида «Ўзбекнефтгаз» раҳбари Баҳодиржон Сидиқов ҳам бор эди.

Томонлар газ, нефть, электроэнергетика соҳалари, жумладан, қайта тикланадиган энергия манбалари ва гидроэлектрстанция лойиҳалари, шунингдек, атом электрстанциялари қурилиши соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.

Учрашув давомида Ўзбекистонга нефть ва нефть маҳсулотлари етказиб беришни кўпайтириш имкониятлари, шунингдек, «Росатом»нинг янги атом энергетикаси объектларини қуришдаги иштироки истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

Жума куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ўзбекистонга ташрифи чоғида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия газ иттифоқи лойиҳасини муҳокама қилишда «жумладан, президентлар даражасида фаол олға силжишганини» айтган.