22 апрель куни Тошкент шаҳри Яккасарой туманида Gentra ҳайдовчиси бир нечта қоидабузарлик қайд этиши оқибатида ЙТҲ содир бўлди, деб хабар берди пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси.

Шу куни тахминан 23:00 да Шота Руставели-Муқимий чорраҳасида ЙПХ инспектори 2001 йилда туғилган С.Х. (ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган) бошқарувидаги Gentra`га тўхташ ишорасини берган. Аммо ҳайдовчи унга бўйсунмасдан, ҳаракатни давом эттирган.

Cobalt хизмат автомобилида Gentra машинасининг орқасидан кузатув олиб борилган ва махсус автомашинадаги овоз кучайтиргич орқали бир неча маротаба ҳайдовчига тўхташ ишораси берилган. Ҳайдовчи эса чораҳаларда светофорнинг тақиқловчи қизил чироғига бўйсунмасдан, белгиланган меъёрий тезликни ошириб ҳаракатланган.

Шундан сўнг ҳайдовчи иккинчи даражали йўлдан чиқиб, асосий йўлдан келаётган скутерга йўл бермасдан, тўқнашув содир этган, шунингдек, йўл четида тўхтаб турган бошқа бир Cobalt автомашинасига бориб урилган.

Скутер ҳайдовчиси (2004 йилда туғилган) ва Gentra йўловчиси (2002 йилда туғилган)га биринчи ёрдам кўрсатилган ҳамда шифохонага олиб кетилган.

Ҳолат юзасидан шаҳар ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 1 майдан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдори ошади: ҳужжатсиз юриш — 330 минг сўм; «қизил»да ўтиш — 660 минг сўм; телефонда гаплашиш — 990 минг сўм; маст ҳолда рулга ўтириш ва рухсатсиз «тонировка» — 8 млн 250 минг сўм.