Ўзбекистоннинг биринчи минтақавий авиакомпанияси Silk Avia 25 апрель куни ўзининг илк тижорий рейсларини амалга оширади. Авиаташувчининг сайтида ҳамда аэропортларда жойлашган кассаларда чипталар сотуви бошланди.

Ҳафталик рейслар қуйидаги йўналишларда амалга оширилади:

  • Тошкент — Термиз — Тошкент (ҳафтасига 2 марта);
  • Тошкент — Навоий — Тошкент (ҳафтасига 2 рейс);
  • Тошкент — Наманган — Тошкент (ҳафтасига 4 марта);
  • Тошкент — Қарши — Тошкент (ҳафтасига 4 марта);
  • Тошкент — Бухоро — Урганч — Бухоро — Тошкент (ҳафтасига 5 марта);
  • Тошкент — Самарқанд — Урганч — Самарқанд — Тошкент (ҳафтада 7 марта).

«Бизда 3 та самолёт мавжуд бўлса-да, туроператорлар томонидан тавсия этилган қулай учиш ва келиш вақтларини таъминлаган ҳолда учиш жадвалига энг оммабоп йўналишларни киритмоқдамиз. Биз нафақат Тошкентни вилоятлар билан, балки вилоятларни ҳам ўзаро боғлашга ҳаракат қилдик. Янги самолётлар келиши билан жадваллар ўзгаради ва кенгаяди», — дейилади авиакомпания матбуот хизмати хабарида.

Биринчи босқичда параметрлари ва нархи билан фарқ қилувчи 3 та тариф ишлаб чиқилди. ODDIY тарифи енгил саёҳатлар учун жуда мос. Чипта нархи фақат 5 кг оғирликдаги қўл юкини кўзда тутади (сумка махсус ўлчамга сиғиши керак — 40×30×20 см) ва багаж, пулни қайтариш ва чипталарни қайта бронь қилишни назарда тутмайди.

OSON тарифи ҳам «багажсиз» ва бюджет тарифидан чипта пулини қайтариш ёки уни бошқа санага қайта бронь қилиш имконияти билан фарқланади. Ушбу йўналишдаги энг қиммат OMAD тарифига 20 кг гача бўлган багаж, қайта бронь қилиш ва чиптани қайтариш киради. Авиачипталар нархи 180 минг сўмдан бошланади. Бироқ энг қиммат тариф нархини ҳисобга олган ҳолда ҳам, авиачипталар нархи бошқа авиакомпанияларнинг мавжуд тарифларидан 50% гача арзон.

30 апрелга қадар барча йўналишларга чипталар, шу жумладан, «қайтариладиган» ва «багажли» чипталар энг арзон ODDIY тарифи нархида — маршрутга қараб 17 эвродан 35 эврогача сотилади.

«Бизнинг вазифамиз одамларни республика бўйлаб А нуқтадан B нуқтага тез, ишончли ва арзон ташийдиган кам бюджетли авиакомпания яратиш эди. Парвозлар вақти қисқа — бир соатдан икки соатгача. Бортда овқатланиш, кўрпа-тўшак, ёстиқ, салфетка ва чипта нархини сезиларли даражада оширадиган бошқа нарсалар йўқ. Биз фақат 0,25 литрли пластик қадоқларда сув тарқатамиз. Бунинг эвазига авиачипта нархини темирйўл транспорти нархига яқинлаштиришга муваффақ бўлдик», — дея қўшимча қилди авиаташувчи матбуот хизмати.