Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат халқини Рамазон ҳайити билан табриклади.

«Қалбларимиз қувонч ва эзгулик нурига тўлиб турган ушбу саодатли дамларда аввало мана шундай қутлуғ ва мунаввар кунларга эл-юртимиз билан биргаликда соғ-омон етказгани учун Яратганга чексиз шукроналар айтамиз», — дейилади табрикда.

Давлат раҳбари янги Ўзбекистонни қуриш жараёнида ҳаётнинг барча соҳалари қатори диний йўналишдаги ишлар ҳам янги босқичга кўтарилиб бораётганини таъкидлади. «Кейинги йилларда сизлар билан бирга бу борада улкан ишларни амалга ошираётганимиз халқимиз, жамоатчилигимизга яхши маълум, албатта»

«Мўмин-мусулмонларимизга ибодат амалларини эмин-эркин адо этишлари учун янада қулай шароитлар яратилмоқда, — дея қайд этди Шавкат Мирзиёев. — Бу ҳақда сўз юритганда, умра зиёрати бўйича квота бекор қилингани, ҳаж зиёратига борувчилар сони 3 баробар оширилганини қайд этиш зарур. Хусусан, биргина жорий йилнинг ўтган даврида 31 минг нафардан ортиқ ватандошларимиз Макка ва Мадинада муқаддас ибодатларни бажариб, эл-юртимиз ҳаққига эзгу дуолар қилиб қайтганларини таъкидлаш ўринли».

«Айни вақтда юртимиздаги давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан табаррук қадамжолар обод қилиниб, эҳтиёжманд кишилар, кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилаётгани ҳам Рамазон ойининг аҳамияти ва файзу шукуҳини оширишга хизмат қилмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимизда виждон эркинлигини таъминлаш, диний-маънавий қадриятларни тиклаш ва эъзозлаш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси бўлиб, биз бундай савобли ишларни келгусида ҳам изчил давом эттирамиз», — деди президент.

«Биз жонажон Ватанимизда тинчлик ва осойишталик, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни сақлаш, халқимиз ҳаётини янада эркин, обод ва фаровон этишни мақсад қилган эканмиз, ўтган давр мобайнида эришган барча ютуқларимиз, жумладан, виждон ва эътиқод эркинлигини таъминлаш борасидаги ижобий ўзгаришларни ҳар томонлама мустаҳкамлаб боришимиз кераклигини, буни ҳозирги ва келгуси тараққиётимиз тақозо этаётганини ҳаммамиз яхши англаймиз, албатта», — деди у.

Президент бугун Ўзбекистонда олиб борилаётган, инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, ҳаётий манфаатларини таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг янада самарали ва бардавом бўлиши учун жон куйдириб, ўз тақдири ва келажагига чуқур масъулият ҳамда дахлдорлик туйғуси билан яшаб, фидокорона меҳнат қилаётган барча юртдошларга, кўпмиллатли бутун халққа чин дилдан миннатдорлик билдирди.