Пойтахтда жойлашган масжидларда Рамазон ҳайити намози ўқилиши муносабати билан қўшимча автобус йўналишлари ташкил этилади, дея хабар бермоқда «Тошшаҳартрансхизмат» матбуот хизмати.

Махсус автобус йўналишлари масжидларга ташриф буюрувчи фуқароларга қулайлик яратиш, йўлларда пайдо бўладиган тирбандликларнинг олдини олиш ҳамда ҳайит байрамида сифатли, хавфсиз жамоат транспорти хизматини кўрсатиш мақсадида ташкил этилмоқда.

Улар соат 04:00 дан 07:00 га қадар ҳаракатланган ҳолда фуқароларнинг масжидларга келиб-кетиши учун хизмат кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рамазон ҳайити куни Тошкент метрополитени ўз фаолиятини тонгги 04:00 дан бошлаши хабар қилинганди. Байрам муносабати белгиланган бошқа дам олиш кунлари метро поездлари якшанба куни учун тасдиқланган жадвал асосида — соат 05:00 дан ҳаракатланади.