Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида Самарқанд шаҳридаги жамоат транспорти учун 350 та электробус харид қилиш ва тегишли инфратузилмани яратиш бўйича 95 млн долларлик лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу ҳақда вилоят транспорт бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Лойиҳа 2 босқичда амалга оширилиши режалаштирилган. Ҳозирда биринчи босқич бўйича ишлар кетмоқда. Жумладан, узунлиги 10,5 метр бўлган дастлабки 100 та электробус учун ускуналар харид қилиш ва электробус паркини қуриш мақсад қилинган.

100 та электробус сотиб олиш бўйича ўтказилган халқаро тендер натижаларига кўра, Хитойнинг Yutong Bus Co.Ltd компанияси ғолиб бўлган. Компания «Самарқанд йўловчи транс» давлат корхонаси билан 29,7 млн евро миқдорида шартнома имзолаган.

100 та электробусдан 6 таси 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида, қолган 94 таси эса учинчи чорак якунигача етказиб берилиши маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, ЕТТБ Самарқанд шаҳри учун электробуслар партияси, улар учун қувватлаш шохобчалари ва бошқа инфратузилма объектларини сотиб олишга 95 млн еврогача маблағ ажратиши мумкинлиги хақида ёзгандик.

«Ташаббус шаҳарнинг ЕТТБнинг „Яшил шаҳарлар“ дастурига расмий кириши бўлади. Лойиҳанинг амалга оширилиши Самарқандни ишончли ва барқарор жамоат транспорти билан таъминлашга хизмат қилади. Бундан ташқари, электр транспортига ўтиш атмосферага чиқинди газлар ажратилишини ҳам камайтиради. ЕТТБ Ўзбекистон томонига лойиҳани ўз вақтида амалга ошириш учун билим, тажриба ва имкониятларни тақдим этади. Хусусан, у электроавтобус операторини яратиш ва унинг асосий жараёнларини йўлга қўйишни назорат қилади», — дейилганди хабарда.

Маълумот учун, 8 апрелда Тошкентга Хитойда ишлаб чиқарилган 233 та автобус ва электробус келтирилганди. Шундан 203 таси Yutong электробус ва автобуслари, 30 таси эса ўта катта сиғимли (18 метрли) King Long автобусларидир.