Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистонга 95 млн еврогача кредит ажратишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Spot банк сайтига таяниб хабар берди.

Маблағлар Самарқанд шаҳри учун электр автобуслар партияси, шунингдек, улар учун зарядлаш шохобчалари ва бошқа инфратузилма объектларини сотиб олишга йўналтирилиши кўзда тутилган. Ташаббус шаҳарнинг ЕТТБнинг «Яшил шаҳарлар» дастурига расмий кириши бўлади.

Қайд этилишича, лойиҳанинг амалга оширилиши Самарқандни ишончли ва барқарор жамоат транспорти билан таъминлашга хизмат қилади. Бундан ташқари, электр транспортига ўтиш атмосферага чиқинди газлар ажратилишини ҳам камайтиради.

ЕТТБ Ўзбекистон томонига лойиҳани ўз вақтида амалга ошириш учун билим, тажриба ва имкониятларни тақдим этади. Хусусан, у электроавтобус операторини яратиш ва унинг асосий жараёнларини йўлга қўйишни назорат қилади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 109,25 млн долларга баҳоланмоқда.Электр транспортларини харид қилиш лойиҳасини молиялаштиришга бошқа манбалар, жумладан, тижорат банкларига ҳам рухсат берилади. ЕТТБ ташаббуснинг энг юқори стандартларга мувофиқ амалга оширилишини қўллаб-қувватлайди.

2021 йил июнь ойида Самарқанд Ўзбекистонда биринчи бўлиб «Яшил шаҳарлар» дастурига қўшилганини эълон қилган эди. Унинг доирасида атроф-муҳитни кўкаламзорлаштириш ва ҳолатини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг жамоат транспортини ривожлантириш режасига кўра, 2022 йил охирига қадар 80 та электробус харид қилиш белгиланган. Шаҳар 2023 йилда яна 100 та машина сотиб олишни мўлжалламоқда.