18 апрель куни маҳаллий вақт билан соат 05:11 да Туркиянинг AnadoluJet авиакомпанияси самолёти Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнди ва янги Анқара-Тошкент-Анқара йўловчи йўналишини очди, дея хабар бермоқда Uzbekistan airports матбуот хизмати.

Анъанага кўра, Boeing 737−800 русумидаги самолёт сув аркаси билан, экипаж аъзолари ва 160 нафар йўловчилар эса Uzbekistan airports раҳбарияти, Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси, Туризм ҳамда Транспорт вазирликлари ҳамда авиакомпания вакиллари томонидан кутиб олинди.

Ушбу йўналишдаги рейслар ҳафтада бир марта — душанба кунлари мунтазам равишда амалга оширилиши режалаштирилган.

Бош қароргоҳи Анқарада жойлашган AnadoluJet Turkish Airlines лойиҳаси бўлган турк авиакомпаниясидир. Унинг паркида 59 та самолёт мавжуд бўлиб, улар 89 та йўналишда ички ва халқаро парвозларни амалга оширади.