Ўзгидромет хизмати агентлиги иш ҳафтаси давомида — 17−21 апрель кунлари кузатиладиган об-ҳаво ҳақида маълумот берди.

Душанба ва сешанба кунлари Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қуруқ, лекин салқин об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Фақат Фарғона водийси вилоятларида ва Сурхондарё вилоятида баъзи жойларда ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Айрим жойларда дўл ёғиши эҳтимоли бор.

Чўл ҳудудларда ва Фарғона водийсида шамол тезлиги 17−22 м/с гача кучайиши, баъзи жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши кутилмоқда. Кундузги ҳарорат +12…+15 даража, республика шимолида +7…12 даража атрофида бўлади. Кечаси ҳарорат +2…+7 даражагача, шимолда баъзи жойларда -3 даражагача пасаяди.

19 апрелдан бошлаб антициклон республика ҳудудидан чекина бошлайди ва иш ҳафтасининг охиригача Ўзбекистон бўйича қуруқ об-ҳаво кузатилади. Ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади ва 21 апрелга келиб кечаси +4…+9 даражани, кундузи +20…+25 даражани ташкил этади.

Душанба куни сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Тошкент шаҳрида ҳафта давомида ёғингарчилик кутилмайди. Шамол 5−10 м/с тезликда эсади. Ҳафта бошида ҳаво ҳарорати +12…+15 даража атрофида бўлади. Душанбадан сешанбага ўтар кечаси ҳарорат +2…+4 даражагача пасаяди.

19 апрелдан иш ҳафтасининг охиригача кечалари ҳарорат +4…+7 даража атрофида бўлади, кундузи аста-секин кўтарилади ва жума кунига келиб ҳарорат +20…+23 даражагача кўтарилади.