«Газета.uz» тарихда ном қолдирган, маънавий-илмий мероси билан келажакка таъсир кўрсатолган, сиёсат майдонида овози, ўрнига эга аёллар ҳақида ҳикояларни давом эттиради. Бу сафарги ҳикоя Америка тарихига шов-шувли ҳукмлари билан кирган машҳур судья, миллионлаб хотин-қиз тақдирига дахлдор ҳукмлар чиқарилишига эришган ҳуқуқшунос Рут Бейдер Гинзбург ҳақида.

Тарих шуниси билан қизиқки, дунёнинг бир нуқтасида рўй берган воқеа бошқа тарафидаги мамлакат тақдирида ҳам акс этади. Сўнгги ойларда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда уларни зўравонликдан ҳимоя қилиш масаласи қатор фожиали воқеалар фонида бир неча бор баралла янгради ва, охир-оқибат, 12 апрель куни аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилувчи қонун қабул қилинди.

Америка Қўшма Штатларининг амалдаги вице-президенти Камала Ҳаррис — у бундай юксак лавозимни эгаллаган мамлакат тарихидаги илк аёл ҳисобланади; АҚШда турли давлат ва жамоат ташкилотларига раҳбарлик қилаётган, йиллик айланмаси бир неча ўн, юз миллиард доллар бўлган компанияларни бошқараётган яна бошқа кўплаб нуфузли аёлларни мисол қилиб келтириш мумкин. Бугун АҚШда бу одатий ҳол, одатий манзара. Аммо кўпнинг орзусидаги ушбу демократик ўлкада ҳам бир аср аввал аёлларнинг юқори лавозимларда ишлаши, эркаклар билан жамиятда тенг овозга эга бўлиши, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи чекланган, ҳатто ошкора камситиларди.

Хотин дегани рўзғор ва болалар тарбиясини эпласа бўлди қабилидаги стереотип жамиятда ҳукмрон эди. Имкон берилса, аёл ҳам баланд марраларга ета олади, давлат ривожига ҳисса қўшиб, танлаган соҳасининг профессионали бўлиши мумкин. Буни амалда АҚШнинг энг машҳур судьяси, умри охиригача аёллар ҳуқуқи учун курашган «Notorious RGB» — Рут Бейдер Гинзбург исботлаган.

«Тарихдан дарс берса ҳам майли…»

1933 йилнинг мартида Нью-Йоркнинг асосан ўрта қатлам аҳолиси яшайдиган қисми — Бруклинда савдогар, асли Одессадан Америкага ҳижрат қилган яҳудий Натан ва келиб чиқиши австриялик яҳудий Селия Бейдер оиласида туғилган Рут мамлакат Олий суди судьяси лавозимини эгаллагунига қадар фильмларга асос бўлгулик кунларни бошдан кечиради.

Бир ёшдан ўтганида опаси менингитдан вафот этгач, ёлғиз у оиланинг овунчоғига айланади. Унинг ҳақиқий исми Жоан бўлиб, ўша йиллари қизалоқларга Жоан исми қўйиш урф бўлганига, у бошқалардан ажралиб туриши учун вақтинча Рут дея чақириб турилади. Бу эса вақти етиб, китобларга сарлавҳа бўлади, тарафдорларининг «Рутсиз ҳақиқат ҳақиқат эмас» (No truth without Ruth) деган севимли шиорига айланади.

Онаси Селия акаси туфайли ўқишини давом эттиролмагани, орзуларидан 15 ёшидаёқ воз кечишга мажбур бўлгани учун қизини ўқитишга, илмли хонимга айлантиришга қарор қилади. «Қизим тарих фани ўқитувчиси бўлсаям майли» дея кутубхонага бирга борар, қандай китоблар ўқиши кераклигини битталаб тушунтирар, боласининг таълимига алоҳида эътибор берарди. Синфида аълочи бўлган Рут юқори мактабга ўтган пайти онасига саратон ташхиси қўйилади ва орадан тўрт йил ўтиб, қизининг битирув кечаси куни жон беради.

«Мартин менда мия борлигига ишонган ягона эркак»

Суянчидан айрилган Рут энди шунчаки тарих ўқитувчиси эмас, ҳуқуқшунос бўлишга, жамиятдаги андазаларни парчалашга аҳд қилади. Корнелл университетига тўлиқ грантни ютиб олгани қарорини қатъийлаштиради. Ўқишнинг биринчи семестрини тугатгач, бўлғуси турмуш ўртоғи, Корнелл талабаси, солиқ ҳуқуқи мутахассиси Мартин (Марти) Гинзбург билан танишади ва улар 1954 йили, Рут ўқишини тамомлагач, оила қуришади. «Марти — менда қуп-қуруқ калла эмас, мия борлигига ишонган ягона эркак», дейди у интервьюларининг бирида.

Рафиқасининг қизиқиш ва интилишини тўла қўллаб-қувватлаган Мартин Гинзбург ҳам унинг юридик фаолиятидаги тўсиқларни енгишда доим ёнида турган. Уй-рўзғор ишлари ўзаро тақсимланган. Пишир-куйдирни яхши кўрадиган Мартин хонадонда бош ошпазлигини ўртоқларидан яширмаган: «Рафиқам пазандачилик бўйича менга ҳеч қандай маслаҳат бермайди, йўл-йўриқ кўрсатмайди, мен ҳам ҳуқуқ борасида унга бирор жўяли гап айтолмайман». Рутнинг феминистик қарашлари ва ҳуқуқ соҳасидаги карьерасига Корнеллнинг икки профессори — ёзувчи Владимир Набоков ҳамда конституциявий ҳуқуқ билимдони Роберт Кашмен ҳам бевосита таъсир кўрсатган.

Тўнғич фарзанди Жейн туғилмасидан Мартин ҳарбий хизматга чақирилган, шу боис оила икки йилни Оклаҳомада ўтказади. Хизмат муддати тугагач, эр ўқишни давом эттириш ва хотин ҳуқуқшуносликни пухта ўрганиш учун Массачусетсга — Ҳарвард ҳуқуқ мактабига йўл олади. Айни шу йиллари Мартинда саратон аниқланадию, бор масъулият — она, талаба, ишчи, боқувчилик вазифалари Рутнинг зиммасига тушади. Аксига олиб ҳуқуқ мактабидаги ёқимсиз муҳит тобора оғирлашар, аёл талабаларни камситиш, масхаралаш авжига чиқар, 500 дан ортиқ йигит орасида бор-йўғи 9 хотин-қизнинг овози, ўрни деярли билинмасди. Шунга қарамай, декан ва профессорларнинг истеҳзоли қараши, пичинг-киноясини пинак қоқмай енгган Рут академик билимларни ўзлаштиришда бошқаларни ортда қолдиради, хусусан, Harvard Law Review журнали таҳрир ҳайъати аъзосига айланган илк аёл бўлади.

Хонимликдан мустақил шахсликкача

Баҳолари курсдошлариникидан юқори ва ҳар қанча билимли бўлмасин, Рут Гинзбург ҳуқуқшунос сифатида иш топишда анча тентирашга, эшикларни тақиллатишга, бир неча рад жавобларини эшитишига тўғри келади. Қаерга бормасин, қўлидаги анкетаси, салоҳиятидан кўра энг аввал унинг аёллиги, ёш боласи борлиги, эртага яна туғиши мумкинлиги, рўзғор билан ўралашиб, ишини эплолмаслиги каби майда, аммо давр учун ўта «муҳим» баҳоналар сабаб қилиб кўрсатилаверади.

Конференциялардан биридаги нутқида ўтган кунларини эсларкан, у: «Онам менга доим икки нарсани уқтирарди — биринчиси, хоним бўлиш, иккинчиси, мустақил шахсга айланиш. Ҳуқуқни ўқиб-ўрганиш мен тенги авлод аёлларига „ярашмас“ эди. 40-йилларда улғайган жуда кўп қизлар учун энг муҳим даража бакалаврлик эмас, балки кимнингдир хоними (Мrs) эканинг эди», деганди.

Ўша пайтда Америкада ҳуқуқшунос аёллар бармоқ билан санарли эди. Атиги икки аёл федерал судья бўлиб ишлаганди, холос. Ҳартугул, Колумбия ҳуқуқ мактаби профессорларидан бири жонига ора кириб, Нью-Йорк жанубий округи судьяси Эдмунд Палмиерига тиришқоқ талабасини тавсия этади, оддий хизматчи қилиб ишга олинишида кўмагини аямайди.

Палмиери қўл остида икки йилини ўтказгач, Рут ўзини педагогликда синагиси келади ва ўн йилга яқин Ратгерс университети, кейинчалик Колумбия ҳуқуқ мактабларида дарс беради. Иккинчи мактаб унга кўпроқ имкониятлар беради. Ўқитувчиликдан ташқари Америка фуқаролик эркинликлари иттифоқи (ACLU)да Аёллар ҳуқуқлари лойиҳаси директори сифатида ишлаб, АҚШ Олий судида гендер тенглиги бўйича олтита ишнинг кўриб чиқилишига эришади ва бештасида узил-кесил муваффақият қозонади.

Малака, билим, иқтидор тенг, аммо маошлар турфа

1963 йили Ратгерс ҳуқуқ мактабига ишга олинаётганида қизиқ ҳолат юз беради. Турмуш ўртоғи Мартиннинг ойлик даромади, топиш-тутиши яхшилиги боис декан Рутга кам маош белгилайди. Иш топгани, ниҳоят унга ҳам ишонч билдирганларига суюниб, Рут аввалига бунга кўп аҳамият бермайди. Икки йил ўтиб ўғли Жеймсга ҳомиладор бўлгач, деканат тузган шартнома бекор қилишидан қўрққан аёл кенг-мўл, ўзига икки-уч ўлчам катта кўйлак кийиб юришга мажбур бўлади. У 1969 йилга келибгина доимий ўқитувчиликка қабул қилинади.

1980 йил. Рут Гинзбургнинг округ судьяси сифатидаги илк муддатга тайинланиши. Фото: Academy of Achievement1980 йил. Рут Гинзбургнинг округ судьяси сифатидаги илк муддатга тайинланиши. Фото: Academy of Achievement

Америка совуқ урушга шўнғиб, қуролланиш пойгаси авжи палласига чиқаркан, жамиятда ҳам аёллар ўрни, ҳуқуқи тобора «музлаб» борарди. Гендер тенглик, аёлнинг эркак билан бир хил лавозимда бўлолмаслиги, маошдаги тафовут, иш жойидаги дискриминация, сайлов ва таълим олишдаги нотенглик — ҳаммаси Гинзбург хонимнинг диққат марказида турар, вақти етиб буларга барҳам бериш йўли-дастурини тузиб борарди.

«Мен аёлларнинг ҳуқуқи бу деявермайман, аксинча, эркак ва аёлнинг тенг фуқаролиги конституцион тамойиллар билан мутсаҳкамланган дейман», дея таъкидларди у.

Гинзбург стратегияси

ACLU’даги фаолияти давомида бир неча суд ишларида қатнашаркан, у судни гендер нотенгликни бирдан тўхтатишга чақирмайди, аксинча, бошқача йўлни танлайди — камситишга оид аниқ моддаларни танлаб, ҳар бир ғалабаси олдидан шуларга таянади. Моддама модда, қонунма қонун нотенглик нималарга олиб келиши, гендер масаласи фақат аёлларга эмас, эркакларга ҳам зиён келтиришини исботлаб беради. Гинзбург стратегияси сўз танлашга ҳам таъсир қилади. Бир неча чиқишларида у «жинс» («sex») ўрнига гендер («gender») сўзини қўллайди ва бу оммавий истеъмолга киритилади.

Ҳуқуқнинг турли йўналишларида жинсий дискриминацияни тўхтатишга эришган, аёллар ҳуқуқи ҳимоячиси сифатида танилган Рут Гинзбургни 1980 йили президент Жимми Картер Колумбия округи аппеляция суди судьяси этиб тайинлайди. Округ судьяси бўлиб ишларкан, у ҳар бир деталга алоҳида эътибор бериб, кенг тавсифлашларини талаб этгани учун прагматик либерал сифатида обрўси ошади.

1993 йили Нью-Йорк университетининг ҳуқуқ факультетида маъруза ўқиркан, ўша пайтлари шов-шув кўтарган, Олий суд аёлларнинг абортни танлаш эркинлигини конституция билан мустаҳкамлаб қўйишига асос бўлган «Роу — Уэйдга қарши» иши борасида мулоҳазаларини баён этади. Ушбу иш аёлларга ҳомиланинг яшаб қолиши аниқ бўлгунича ундан воз кечиши ёки қолдириш масаласини ўзи ҳал этиши мумкинлиги ҳуқуқини беради. Бу масалада Гинзбурга хоним қарашларини аниқ, содда қилиб ифодалайди: «Аёл ва эркак ўртасидаги тенглиу учун аёл аборт борасида ўзи қарор чиқариши керак. Агар бу масалада унинг ҳуқуқи чекланса, жинс бўйича уни дискриминация қилган бўласиз».

Рут Гинзбург Олий суд судьяси лавозимига киришишидан аввал қасамёд қилмоқда. Суратда президент Билл Клинтон (чапдан биринчи), қўлида Инжил тутиб турган хонимнинг турмуш ўртоғи Марти ҳамда маросимни бошқараётган бош судья Уильям Ренквист (ўнгдан биринчи). Фото: Academy of AchievementРут Гинзбург Олий суд судьяси лавозимига киришишидан аввал қасамёд қилмоқда. Суратда президент Билл Клинтон (чапдан биринчи), қўлида Инжил тутиб турган хонимнинг турмуш ўртоғи Марти ҳамда маросимни бошқараётган бош судья Уильям Ренквист (ўнгдан биринчи). Фото: Academy of Achievement

АҚШни чинакам демкоратик давлатга айлантиришга бел боғлаган президент Билл Клинтон иқтидорга келгач, давлат хизматида, айниқса, суд-ҳуқуқ тизимида аёлларга кўпроқ жой берилиши, уларнинг эркаклар билан баравар ҳаққа эга чиқишини тез-тез тилга олаверади. Орадан ҳеч қанча ўтмай, 1993 йили Гинзбург номзодини нафақага чиққан судья Байрон Уайтнинг ўрнига тавсия этади. Бу қарор аввалига турли норозилик, катта-кичик баҳсларга йўл очади. Лекин ҳаммаси қандай тез бошланган бўлса, шундай тез якунланиб, Сенатда 96−3 овоз билан хоним номзоди судьяликка маъқулланади.

«Конституцияни қарашларига мосламайди»

Мамлакат тарихидаги иккинчи аёл судья бўлгач, Гинзбург хоним чинакам — суддаги оғзаки баҳс-мунозаралари, фаоллиги, пирпирак ёки тўр ёқали мантиялар кийиши — рамзга айланади. Сандра О’Коннор Олий судда Рут Гинзбургдан 12 йил илгари иш бошлаганига қарамай, ҳамкасабаси келмагунича муассасада аёллар учун алоҳида ювиниш хонаси ва ҳожатхона бўлмаган. Рут бу муаммони ҳам тезда бартараф этади.

У ҳар бир ҳукмни ўта эҳтиёткорлик чиқаргани, етти ўлчаб бир кесиш унинг асосий қоидаси бўлгани ҳалигача эътироф этилади. Юриспруденция бўйича олим Касс Санстейн ҳам Гинзбург хонимга Конституцияни ўз қараш ва қаричига мосламайдиган, ҳар бир ишни икир-чикиригача ўрганадиган «рационал минималист» деб таъриф беради.

Гинзбург хоним бир неча ўткир, аччиқ-аччиқ сўзлари билан бирдан жамоатчилик диққатини тортади ва кўриб чиқиладиган ишнинг муҳимлигига урғу бериш учун панадан чиқиб, омма олдида баланд овозда гапиришга ўтади. 2007 йили аёллар ҳуқуқлари бўйича кўрилган аборт масаласига оид ишлар судья хонимнинг фаолияти ва обрўсига ижобий таъсир қилади.

Аёл аборт қилиш ёки қилмасликни ўзи танлаши, бунда унга эркинлик берилиши шарт, дея эски қонунлардаги бўшлиқларни кескин танқид қилади. Иккинчи масала эса аёл ишчига ҳам эркак ишчидек тенг миқдорда маош тўланиши ҳақида бўлиб, аксар қарорлар АҚШ Конгресси қарорлари билан номувофиқлиги баралла айтилади.

2009 йили судья Дэвид Соутер ва келаси йили иккинчи ҳамкасби Жон Пол Стевенснинг пенсияга чиқиши Гинзбург хонимни Олий суддаги энг юқори даражани эгаллашга имкон беради. Шундан кейин бир неча машҳур ва сиёсий айбловлар бўйича либерал қарашини ифодалаган, замонасига хос усулда ёзилмаган мақолаларини эълон қилади.

«Notorious R.B.G» ким — судья, феминист ёки мухолиф?

2010 йилнинг 25 июнида мамлакат тарихидаги яна бир аҳамиятли иш кўриб чиқилади. Affordable Care Act (кўпинча «Obamacare» деб аталади) қарори орқали судья хоним штат ёки федерал назорат остида бўлишидан қатъий назар биржа орқали соғлиқни сақлаш хизматини сотиб олган ҳар қайси америкаликка субсидиялар бериш ва бу давом этиши шартлигини исботлайди.

Ҳар қандай масалани очиқ-ошкора, баланд овозда айтишга одатланган Гинзбург хоним президент Барак Обама бошқаруви пайти прогрессив судья деган ном чиқарган ва ҳатто фольклор қаҳрамон деган мақтовлар ҳам янграб турган. Муаммолар борасида кўпчиликка (айниқса, эркакларга) ёқмайдиган, бироқ жамият учун ўта зарур мухолифона қарашлари сабаб, Нью-Йорк университети ҳуқуқ йўналиши 2-курс талабаси Tumblr ижтимоий тармоғида Гинзбурга атаб, америкалик рэпер Кристофер Уоллеснинг ижодий лақаби — «Notorious B.I.G»дан илҳомлангани ҳолда, «Notorious R.B.G» блогини очади ва бу таъриф хоним тарафдорлари, мухлислари орасида оғизга тушиб, унинг тахаллусига айланади.

2016 йили хонимнинг ўсмирликдан то судьяликкача босиб ўтган йўли жамланган «Ўз сўзларим» («My Own Words») мемуари чоп этилади ва асар The New York Times’нинг бестселлерига айланади. 2018 йили эса судьянинг ҳаёт йўли акс этган «RBG» ҳужжатли фильми, келаси йили эса «On the Basis of Sex» («Жинс бўйича») бадиий фильми катта экранларда намойиш этилади.

«Мен мухолифман!»

Ёши 80 га яқинлашган, соғлиғини анча йўқотган Рут Гинзбургни айрим либераллар нафақага кузатиш кераклигини айтиб, Барак Обамадан муносиб ўринбосар кўрсатишни сўрайдилар. Бу масала Дональд Трамп президентлик даврида ҳам кўтарилади. Президентнинг иқтидори ва қўлидан нимадир келишига шубҳаланган Гинзбург хоним унга очиқчасига қарши чиқар, ҳатто бир гал уни «фирибгар, сохта» деб ҳаматаганди: «У фирибгар. Беқарор одам. Хаёлига нима келса, ўшани айтади». Кейинчалик судя хоним бу сўзлари учун кечирим сўраб, келгусида эҳтиёткор бўлишини айтган. 2018 йили президент Олий суд таркибидаги кекса ходимларни нафақага чиқариш бўйича рўйхат шакллантириш зарурлигини эслатганида, 84 ни тўлдирган судья хоним 2020 йилгача ҳеч қаерга кетмаслиги, тўлиқ таркиб билан шу муддатгача қолиши ҳақида хабар беради.

2013 йили Associated Press’га интервью беришдан аввал суратга олиш жараёнидан. Фото: AP2013 йили Associated Press’га интервью беришдан аввал суратга олиш жараёнидан. Фото: AP

Кундалик жисмоний машқларини канда қилмайдиган, суддаги оғзаки баҳс-мунозараларда фаол хоним қариганида ҳам тинмайди. Қўлидан келганича, куч-ғайрати етгунича одил судлов байроғини тик тутиб, «тўлиқ таркиб»да ишини давом эттиради. 1999 йилдаги йўғон ичак, ошқозон ости бези, 2018 йили аниқланган ўпка, келаси йили қайта такрорланган ошқозон ости бези саратонини енгган судя хоним 2020 йилнинг 18 сентябрида таслим бўлади — 87 ёшида жигар хасталанишидан вафот этади.

Умр бўйи «Мен мухолифман: адолатсизлик, нотенглик, қотиб қолган тушунчаларга қарши мухолифман» деб яшаб ўтган хонимнинг болалар ва ўсмир қизларга атаб ёзилган «I dissent» китоби бугун америкалик ўқувчиларнинг севимли асарлари қаторида туради. Хоним ҳар доим: «Мухолифлар келажак аср хусусида сўзлайди. Энг улкан норозилик суд нуқтаи назарига айланади ва аста-секин жамиятдаги етакчи қарашга эврилади. Шу боис, мухолифларнинг умиди шу: улар бугун учун эмас, балки эрта учун куйиб-пишадилар», дейишни канда қилмаган ва ўзининг мисолида нафақат келажакка, яна бугунги замон равишига ҳам сезиларли таъсир кўрсата олган.