Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги «Ракат» маҳалласида яшовчи фуқаролар «Газета.uz» таҳририятига мурожаат қилиб, у ерда лойиҳа бўйича эълон қилинган 3 қаватли якка тартибдаги уй-жой ўрнига 5 қаватли маъмурий бино қурилаётгани билан боғлиқ вазиятни ўрганишни сўради. Мухбиримиз маҳаллада бўлиб, аҳоли, давлат идоралари ва бино эгаси вакиллари билан суҳбатлашди.

тошкент, яккасарой тумани

Бино Имом ат-Термизий кўчасида жойлашган. Маҳаллада яшовчи Аваз Пўлатовнинг айтишича, қурилиш ишлари 2020 йилда карантин даврида бошланган. Лойиҳа буюртмачиси Чен Юнян 3 қаватли якка тартибдаги турар жой биносини қуриш учун рухсат олган, бу ҳужжатларда ҳам кўрсатиб ўтилган.

тошкент, яккасарой тумани

Яккасарой тумани бош архитектори томонидан имзоланган 3 қаватли турар жой биноси қурилиши лойиҳаси.

«Қурилиш учун рухсат берилишидан олдин келиб, бизнинг розилигимизни олишди, аммо унда 3 та қават ва мансарда [болохонанинг бир тури] айтилган эди», — дейди яна бир фуқаро Баҳром Самуқов. Буни унинг қўшниси Зуҳриддин Атҳамов ҳам тасдиқлади.

Ўзини Саша Ли деб таништирган қурилиш бошқарувчиси Чен Юнян 5 қават қуриш учун рухсат олганини, лекин ҳужжатларни тақдим этмаганини таъкидлади.

Аваз Пўлатов ва Баҳром Самуқовнинг айтишича, қурилиш аҳолига тақдим этилган лойиҳа бўйича кетмаётганини пайқагач, улар буюртмачи устидан шикоят қилган. Уларнинг сўзларига кўра, қурилиш икки-уч ойга тўхтаган, бироқ кейинроқ ишлар яна бошлаб юборилган.

тошкент, яккасарой тумани

Бинонинг Аваз Пўлатов ҳовлисидан кўриниши.

Бино баландлиги сабабли Аваз Пўлатов ва Баҳром Самқуловларнинг уйлари ҳовлисига қуёш нури тушиши чекланиб қола бошлаган. 2022 йилда Тошкент шаҳри санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси томонидан янги биноларнинг инсоляция таҳлили ўтказилган. Хулосада бино «узлуксиз инсоляция учун санитария ва қурилиш талабларига жавоб бермаслиги» қайд этилган.

Аваз Пўлатов бинонинг мустаҳкамлигини сўроқ остига олди: «Рухсатнома 3 қаватни қуришга берилган бўлса, пойдевор 5 қаватга мўлжалланганми?»

тошкент, яккасарой тумани

Бинонинг Зуҳриддин Атҳамов ҳовлисидан кўриниши.

Аҳоли офис ходимларининг уйлар дарвозаси олдига машина қўйишидан ҳам норози. Бу уларни безовта қилибгина қолмай, балки кўчага чиқаётган яқинларининг хавфсизлиги масаласида ҳам ташвишларини орттиради.

Маълум бўлишича, 2020 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳри қурилиш бош бошқармаси фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судига бино буюртмачисидан тўртинчи ва бешинчи қаватларни бузиш мажбуриятини юклашни талаб қилиб, даъво аризаси билан чиққан.

Тошкент шаҳри Мажбурий ижро бюроси буюртмачига юқори қаватларни бузиш бўйича бир неча бор талабнома юборган, деб хабар қилди МИБ матбуот хизмати «Газета.uz»га. 2023 йилда юқори қаватларни бузиш учун махсус техника ва ишчи кучи ажратиш юзасидан туман ҳокимлигига сўров юборилди, дея хабар берди матбуот хизмати.

Буюртмачининг ёрдамчиси Зуфар Уразматовнинг айтишича, судланувчи туманлараро суд қарори устидан Олий судга шикоят қилиб, ишда ютиб чиққан.

«Судья аҳоли билан низони ўзимиз ҳал қилишимизни тавсия қилди», — деди у. Зуфар Уразматов мухбирни суд қарори билан таништиришдан бош тортди.

Буюртмачининг вакиллари ҳам бино бўйича қоғозларни расмийлаштириш ишлари билан шуғулланаётганликларини билдирди.

Ўзбекистонда қурилаётган биноларнинг тасдиқланган лойиҳасига ёки эълон қилинган мақсадига мос келмаслиги ҳолатлари кенг тарқалган. Масалан, Тошкент шаҳри Ц1 массивидаги яшил ҳудуд ўрнида қурилиши ваъда қилинган кўп қаватли автотураргоҳ ўрнига янги бинолар пайдо бўлган. Ўтган йили Самарқанд вилоятидаги кам қаватли уйлар жойлашган маҳаллада 12 қаватли уй қурилиши ҳам кенг муҳокама қилинганди.

Мазкур материални эълон қилишдан мақсад қонунчиликдаги камчиликлар ва қурилаётган объектлар устидан назоратни амалга ошириш ҳамда уларни жамоатчилик билан мувофиқлаштиришда камчиликлар мавжудлигига мутасадди ташкилотлар эътиборини қаратишдан иборат.