Қозоғистон ва Хитой ўз фуқаролари учун визасиз режимни ўзаро жорий қилади. Бу ҳақда Қозоғистон бош вазири Алихан Смаилов қарори лойиҳасида сўз боради, деб ёзмоқда informburo.kz.

Ўзаро виза талабларидан озод қилиш икки давлат ўртасидаги ҳукуматлараро келишувда кўзда тутилган. Шартнома ташқи ишлар вазирлари томонидан 18−19 май кунлари Хитойнинг Сиан шаҳрида имзоланиши режалаштирилган.

Битим лойиҳасига кўра, қозоғистонликлар Хитойда визасиз, ХХР фуқаролари эса Қозоғистонда чегарани кесиб ўтган пайтдан бошлаб 30 кундан ортиқ бўлмаган ва 180 кунлик муддатга 90 кундан ортиқ бўлмаган муддатда қолишлари мумкин бўлади.

Агар Қозоғистон ёки Хитой фуқаролари қўшни давлатларда белгиланган муддатдан кўпроқ қолишни режалаштирсалар, улар чегарани кесиб ўтишдан олдин виза олишлари керак.

«Келишувнинг имзоланиши Қозоғистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги яқин ҳамкорликни мустаҳкамлашга туртки бўлади», — дея таъкидланади ҳукумат қарорида.

«Курсив» нашрининг ёзишича, бугунги кунда Хитойга боришни хоҳловчи қозоғистонликлар учун туристик визага мурожаат қилиш мажбурий.

Ўтган йилнинг июль ойида Қозоғистон Хитой, Ҳиндистон ва Эрон фуқаролари учун 14 кунлик муддатга визасиз режим жорий қилган эди. Ушбу мамлакатлар фуқаролари учун Қозоғистонда визасиз режимда бўлишнинг умумий муддати ҳар 180 кунлик муддат ичида 42 календарь кунидан ошмаслиги лозим.

2021 йил март ойидан бошлаб Хитой фуқаролари Ўзбекистонга 10 кун муддатга визасиз киришлари мумкин. Ўзбекистон фуқаролари эса Хитойга бориш учун виза олишлари керак.