Ўзбекистон ҳудудларида ўрнатиш учун мўлжалланган 6 та ҳавони мониторинг қилиш автоматик станцияси олиб келинди, дея хабар бермоқда Zamin халқаро жамоат фонд матбуот хизмати.

Гидрометеорология хизмати агентлиги ва фонднинг қўшма лойиҳаси доирасида келтирилган станцияларнинг иккитаси Жиззах ва Гулистонга етказилиб, ўрнатилди. Айни пайтда мутахассислар станцияларни созламоқда ва синов тариқасида ишга туширмоқда.

Шундан сўнг ҳавонинг ҳолати тўғрисидаги маълумотлар реал вақт режимида monitoring.meteo.uz платформасида тақдим этиб борилади.

«Станцияларни ишга туширишдан аввал Ўзгидрометнинг жойлардаги ходимлари учун ўрнатилаётган станцияларни созлаш ва улардан фойдаланиш бўйича амалий тренинглар ўтказилмоқда», — дейилади хабарда.

6 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги йиғилишда мамлакатнинг ҳар бир туман ва шаҳрида ҳаво ифлосланишини назорат қилувчи кичик автоматлаштирилган метеорология станциялари кўпайтирилиши маълум қилинганди.

Уларнинг маълумотлари асосида ҳудудларнинг ҳаво тозалиги рейтинги шакллантирилиб, мансабдор шахслар ишига баҳо бериб борилади.

2021 йилнинг июнь оийда ҳукумат қарори билан республикадаги 61 та постда ҳар куни атмосфера ҳавоси сифати, майда дисперсли заррачалар бўйича эса ойлик кузатишлар амалга оширилиши режалаштирилганди. Ҳужжатда шунингдек, 1 декабргача атроф табиий муҳит давлат мониторинги тизимининг Ягона геоахборот базаси шакллантирилиши белгиланганди.